Қозоғистон спорт федерациялари тарбияланувчилар ўртасида диний оқимлар тарқалаётгани сабаб, экстремизм ва терроризмни олдини олиш масалалари билан шуғулланади. Бу ҳақда Спорт вазири ўринбосари Серик Жарасбаев маълум қилди, деб ёзади Kursiv.kz.
Экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш бўйича норма сенаторлар томонидан 27 март куни қабул қилинган Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунга киритилган. Жарасбаев кулуарда бундай чора қўрилаётганини спорт муҳитида диний оқимлар пайдо бўла бошлагани билан изоҳлади.
Расмийнинг сўзларига кўра, авваллари федерациялар бу масала билан шуғулланмаган. Аммо, энди улар бундай хавф-хатарларга эътибор қаратиб, уларни аниқлаб, маълумотларни давлат органларига етказиши керак бўлади.
«Умуман олганда, бу йўналишдаги ишлар аллақачон бошланган. Шу ойнинг охири ва апрель ойи давомида штаб-квартирамиз билан вилоятларга бориб, тушунтириш ишларини олиб борамиз ва май ойи боши, апрель охиригача барча федерацияларни йиғиб, мазкур масалаларни муҳокама қилишни режалаштирганмиз. Бу ишга тажрибага эга ва тўғри йўналишни кўрсатувчи дин бўйича мутахассислар ҳам жалб этилади», — дея Жарасбаев сўзларини келтиради «КазИнформ».
Шу ой бошида Бурабайда мамлакат президенти иштирокида ўтказилган Миллий қурултой иштирокчилари бегона диний оқимларнинг спортга таъсири кучаяётгани масаласини кўтарган эди. Ўшанда Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистонда диний эътиқод эркинлиги кафолатлангани, бироқ тартибсизлик ва ўзбошимчиликка йўл қўйиб бўлмаслигини айтиб ўтди. «Маданиятимизга ёт бўлган бузғунчи оқимлар ва мафкураларга албатта чек қўйиш керак», — деди президент.