Хоккей бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатининг IV дивизиони иккинчи даврасида Арманистон терма жамоасига қарши курашда ўз тарихида илк мағлубиятга учради. Учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди.
Биринчи босқичда Ўзбекистон ҳам, Арманистон ҳам мос равишда Қувайт ва Малайзия устидан йирик ғалабага эришганди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу учрашув ҳал қилувчи бўлиши керак эди — ғолиб ўзини юқори тоифага кўтарилишини амалда кафолатлаган бўларди, чунки Жаҳон чемпионатининг бошқа иштирокчилари юқори эмас, балки тахминан бир хил даражада эди.
Ўзбекистон яққол фаворит ҳисобланарди, унинг таркибида ВХЛ тажрибасига эга саккиз нафар хоккейчи шайба сурди ва улар юқори савияда мунтазам ўйин амалиётига эга. Жамоанинг қолган қисми ўсмирлар жамоасида ўйнайди, улар билан икки марта ёшлар ўртасидаги Осиё-Океания кубогини қўлга киритган. Арманистон терма жамоасида профессионал даражада ўйнаш тажрибасига эга бўлган бор-йўғи учта хоккейчи бор эди, яна бир қанча хоккейчилар Россия ва Шимолий Америкадаги ёшлар лигаларида ўйнаган. Қолаверса, сўнгги бир неча йил давомида уларнинг барчаси Арманистон ички чемпионатида ўйнаган ва халқаро тажрибага эга эмас эди. Бироқ, бу факт арман хоккейчиларининг муваффақиятга эришишига тўсқинлик қилмади.
Биринчи бўлим голсиз дуранг билан якунланган бўлса, иккинчи бўлим ўрталарида Сергей Худяковнинг саъй-ҳаракати эвазига Арманистон терма жамоаси олдинга чиқиб олди. Аммо 37-дақиқада ўзбекистонликлар ҳисобни тенглаштириб, кейин олдинга чиқиб олишди. Павел Синявский ва Жавохир Расулов ажралиб турди. Бироқ, орадан яна бир дақиқа ўтиб Максим Кузнецов ҳисобни тенглаштирди. Учинчи бўлимда ҳам, қўшимча таймларда ҳам томошабинлар шайба киритилганини кўришмади. Ўйиндан кейинги буллитда арман хоккейчилари кучлироқ чиқишди.
Қайд этиш лозим, бутун учрашув Ўзбекистон терма жамоаси устунлигида ўтди. Арманистон терма жамоаси дарвозабони Артем Путулян 59 та сейв амалга оширди ва ўйиндан кейинги 5 та буллитда устун келди.
Параллел ўйинларда Қувайт терма жамоаси Индонезияни 15:6, Эрон эса Малайзияни 5:1 ҳисобида мағлуб этди.
16 апрель куни учинчи турда Ўзбекистон Эрон, Арманистон Қувайт, Индонезия эса Малайзия билан ўйнайди.
Хоккей бўйича жаҳон чемпионатининг IV дивизиони 13-19 апрель кунлари Ереванда бўлиб ўтмоқда. Турнирда Арманистон, Ўзбекистон, Эрон, Қувайт, Индонезия ва Малайзия терма жамоалари иштирок этади. Ҳар бир жамоа ўз рақибига қарши биттадан ўйин ўтказади. Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоа юқорига кўтарилади.