Тошкент меҳмонхоналаридан бирида одамларнинг ис газидан заҳарланиб ўлганига доир жиноят иши судга оширилди

islamnews.ru сайти фотосурати

Ўтган йил октабрь ойида Тошкент меҳмонхоналаридан бирида уч киши, жумладан, икки нафар россиялик ўлимига сабаб бўлган заҳарланиш иши бўйича дастлабки тергов якунланди. Иш судга топширилди, деб хабар беради ТАСС республика Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга таяниб.

«Меҳмонхонада заҳарланиш жиноят иши бўйича дастлабки тергов ниҳоясига етиб, айблов хулосаси тузилди. Тергов давомида 4 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилди», — деган Шамсутдинов.

ℹ️ 2024 йил 22 октябрь куни Тошкентдаги Karaman Palace Hotel меҳмонхонасида уч киши ҳалок бўлгани маълум бўлди. Булар: россиялик журналист Инесса Паперная ва унинг ҳамроҳи Максим Радченко, шунингдек, жасади қўшни хонадан топилган Ўзбекистон фуқароси Хушнуд Удеков.

Тергов маълумотларига кўра, 20 октябрь куни меҳмонхонадаги иситиш қозонидан ис гази сизиб чиққан. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Паперная, Радченко ва Удековлар бўғилишга сабаб бўлган ўткир ис гази ва водород сульфидидан заҳарланиш натижасида вафот этган. Кенг қамровли техник экспертиза ўтказилганда меҳмонхонадаги иситиш қозонлари эскиргани ва хизмат муддати тугагани аниқланган. ОАВ хабарига кўра, меҳмонхона эгаси, иситиш қозонининг икки сотувчиси ва уни қоидани бузган ҳолда ўрнатган сантехник қўлга олинган.

Ўзбекистонда ис газидан одамларнинг ўлиши ноёб ҳодиса эмас. Бундай ҳолатлар совуқ тутиши билан тез-тез учрайди. Бунга одатда иситиш печлари ва буғ қозонлари мўриларининг носослиги сабаб бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ