Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов яқин йилларда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказишга келишиб олди. Бу масала Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этган. Шу билан бирга, ҳар икки республика пойтахтларида савдо уйлари ташкил этилган, юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда, Ишбилармонлар кенгаши ва Ҳудудлар форуми доирасида фаол ҳамкорлик олиб борилаётгани кўрсаткичларни ошириш салоҳиятидан далолат беради. Бунда «Шовот-Тошҳовуз» назорат-ўтказиш пунктида чегара савдо зонаси ташкил этилиши ҳам ижобий роль ўйнаши керак.
Мирзиёев ва Бердимуҳамедов бошқа йўналишлар: энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалигида ҳам ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидладилар. Томонлар жорий йили Хивада учинчи Ҳудудлар форумини ва Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий шерикликка доир масалалар, шу жумладан «Марказий Осиё плюс» форматидаги бўлажак саммитлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашдилар.
Мирзиёев шунингдек, Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида жорий йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Бердимуҳамедов қўшни республика раҳбарига ўзининг «Ақл гавҳари» китобининг ўзбек тилидаги нусхасини совға қилди. Ўзбекистон Президенти, ўз навбатида, Халқ маслахати раисига олий давлат мукофоти – «Олий Даражали Дўстлик» орденини топширди.
Туркманистонлик сиёсатчи Самарқандга 23 апрель куни етиб келди. Ўша куни у Мирзиёев билан «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик боғи ҳудудида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди. Шундан сўнг ҳукумат вакиллари Ҳазрати Хизр мажмуасига бориб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.