Россияда давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари чет эл фуқаролари суғуртага эга бўлган ёки бемор ҳаётига таҳдид туғилган пайтда бепул хизмат кўрсатиши керак. Ушбу тартиб Россия ҳукуматининг 8 майдаги қарорига биноан 2025 йил 1 сентябрдан кучга киради.
Таъкидланишича, Россияда чет эл фуқароларига тўсатдан ўткир касалликларга йўлиққан пайтида ва беморнинг ҳаётига хавф туғдирадиган сурункали касалликлар кучайган тақдирда бепул шошилинч ёрдам кўрсатилади.
Бундан ташқари, тасдиқланган қоидаларга кўра, «Россия Федерациясида мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги қонунга мувофиқ суғурталанган шахслар бепул хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда, хизматлар полисда кўрсатилган суғурта ҳодисаси содир бўлганда тақдим этилади.
Шунингдек, тез ёрдам бригадалари хорижликларга касаллик, бахтсиз ҳодисалар, жароҳатлар, заҳарланиш ва шошилинч тиббий аралашувни талаб қиладиган бошқа ҳолатларда бепул ёрдам кўрсатади. Бироқ, бу талаб фақат давлат ва шаҳар тизимларининг тиббий муассасаларига тегишли.
Қоидаларда чет эл фуқароларига шошилинч тиббий ёрдам (тез ёрдам машиналаридан ташқари) пуллик хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ ёки ихтиёрий тиббий суғурта полиси асосида кўрсатилиши белгилаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ҳудудида хорижликларга тиббий ёрдам кўрсатиш қоидалари 2031 йил 1 сентябргача амал қилади.