13 май куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси «Астана LRT» МЧЖ собиқ раҳбари Талгат Арданнинг Туркияда ҳибсга олингани ҳақида хабар берди — у Қозоғистонда сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва халқаро қидирувга берилган.
Ардан — Остонада сўнгги йилларда республикадаги энг муаммоли объектлардан бирига айланган LRT (енгил рельсли транспорт тизими) ни қурган компаниянинг собиқ топ-менежери. У Қозоғистонни қурилиш муддатларига риоя қилмаганига оид иш бошланишидан олдин Қозоғистонни тарк этган ва 2019 йили халқаро қидирувга берилган. Фақат шу йил Миллий хавфсизлик қўмитаси унинг аниқ манзилини Анталияда аниқлаган, шундан сўнг Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари уни ҳибсга олган.
9 май куни Анталия суди Арданни Қозоғистонга депортация қилишга қарор қилган, у ҳозирда ҳибсда.
«Астана LRT» лойиҳаси Қозоғистон пойтахтида енгил рельсли транспорт тизимини (Light Rail Transit) ишга тушириши керак эди. Объект 2014 йили якунланиши керак бўлган, аммо муддатлар доимо орқага сурилган. 2019 йил апрель ойида молиявий муаммолар туфайли қурилиш ишлари тўхтатилган ва LRT қурилиши учун Хитой тараққиёт банкидан олинган кредитни қайта молиялаштиришга қарор қилинган.
Ўша йилнинг июль ойида лойиҳанинг якуний қиймати 1,5 миллиард долларга яқин бўлиши хабар қилинган ва август ойи бошида «Астана LRT» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди: улар бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумон қилинган. Айбланувчилар орасида пойтахт ҳокимлигининг юқори мартабали вакиллари, жумладан, ҳоким ўринбосари Қанат Султанбеков ҳам бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, Султанбеков (ҳозирда АҚШда) ва «Астана LRT» компаниясининг собиқ раҳбари Талгат Ардан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, консалтинг хизматлари ва техник назорат учун ошириб кўрсатилган харажатлар сметасини тасдиқлаган. Натижада давлатга 5 миллиард тенге (13 миллион доллар) миқдорида зарар етказилган.
Ҳар иккиси ҳам сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган – Остона суди Арданни Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 189 ва 361-моддалари («Ишониб топширилган бегона мулкни ўзлаштириш ёки талон-тарож қилиш» ва «Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш») бўйича айбдор деб топган ва тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилган.
«Астана LRT» қурилиши ҳали ҳам давом этмоқда. Қозоғистондаги энг машҳур узоқ муддатли қурилиш лойиҳаси жорий йилнинг 3-чорагида ишга туширилиши режалаштирилган.