Япония беш йил давомида 10 минг нафар ўзбекистонликни ўқитиб, иш билан таъминлайди

Келишув имзолаш маросими . Ўзбекистон Миграция агентлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Япониянинг Japan-China-Asia Medical Educational Cultural Exchange General Incorporated Foundation (JCAEMCE) ташкилоти ўртасида 5 йил давомида 10 минг нафар ўзбекистонликни Қуёш чиқар мамлакатидаги корхоналарда иш билан таъминлаш бўйича шартнома имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Yapon Mahorat Nuri курслари Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятларида очилади. У ерда япон тили, малака имтиҳонларига тайёргарлик ва ишга жойлашиш учун керакли кўникмалар ўргатилади.

Бундан ташқари, WiseBridge махсус онлайн платформаси орқали Япониядаги бўш иш ўринларини танлаш ва иш берувчилар билан тўғридан-тўғри боғланиш имконияти яратилмоқда. Ушбу платформа 2025 йил июнь ойида фаолиятни бошлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи чоғида виза тартибини соддалаштириш, миграцияни рақамлаштириш ва Қуёш чиқар мамлакатига кириш учун рухсатнома олиш вақтини қисқартириш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур давлатда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш бўйича келишувга эришилди.

«Японияда амалга оширилаётган техник стажировка дастури ва махсус малакага эга мутахассислар учун соддалаштирилган виза тизими Ўзбекистон фуқаролари учун янги имкониятлар яратади: Японияда қонуний ва хавфсиз меҳнат фаолиятини амалга ошириш, юқори маданиятли меҳнат муҳитида тажриба орттириш ва ўз салоҳиятини юзага чиқариш бўйича», — деди Япония Адлия вазири Кэйсуке Судзуки.

Ўзбекистонликларга Японияда қонуний ишлаш имконини берувчи келишув устида иш олиб борилаётгани ҳақида 2017 йили хабар берилганди. Шу билан бирга, ўшанда Марказий Осиё республикасидан мингга яқин ҳамширани ушбу мамлакатга таклиф қилиш имкониятлари муҳокама қилинганди.

2019 йил бошида Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазири Такуми Немото Тошкентга ташриф буюриб, бир йил аввал қабул қилинган янги миграция қонунчилиги туфайли Япония Ўзбекистонни ишчи кучи экспорт қилувчи давлатлар рўйхатига киритиши мумкинлигини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ