Мўғулистондан эчки ва қўйларни импорт қилувчи тадбиркорларга имтиёзли кредит берилади ва яйловлар ажратилади

МЎҒУЛИСТОН ҚЎЙ-ҚЎЗИЛАРИ. IKON.MN САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда Мўғулистондан қўй ва эчкиларни импорт қилувчи тадбиркорлар ер фонди ҳисобидан имтиёзли кредит олиш, айрим ҳолларда яйлов учун ер участкаларини ижарага олиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Президентнинг 18 июль куни имзоланган «Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорида сўз юритилади.

2025 йил 1 августдан 2027 йил 31 декабрга қадар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда тадбиркорлик субъектларига йиллик 10 фоиз ставкада 5 йил муддатга имтиёзли кредитлар берилади, шундан банк маржаси бор-йўғи 3 фоизни ташкил этади. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда тўлов таъминотисиз кечиктириб тўлаш имконияти берилади.

Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга камида 1 000 бош импорт қилган тадбиркорлик субъектларига Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган ер фонди ҳисобидан тўғридан-тўғри ижарага яйловлар ажратилади. Чорвачиликда селекция-наслчилик ишларини ривожлантириш, яйловларда озуқабоп ўсимлик турларидан бўлган изен, терескен, қуйровуқ, камфоросма, чўғон, эркак ўт, оқ (қора) саксовул ва бошқа бир қатор ем-хашак экинларини экиш мажбурий шартлардан бири бўлади.

Лойиҳа доирасида қорамоллар сонини 2029 йилга бориб 1 миллион бошга етказиш кўзда тутилган. Хориждан биринчи навбатда майин жун ва кашемир олишга яроқли маҳсулдор зотларни олиб келиш, кейинчалик улардан олинган маҳсулотларни мамлакатда қайта ишлаш кўзда тутилган.

Мўғулистон билан қишлоқ хўжалигига оид шартномаларда қуйидагилар кўзда тутилган:

👉 Ўзбекистон мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ривожлантириш, етказиб бериш ҳажмини ҳозиргидан 10 баробар юқори даражага кўтариш;

👉 замонавий қайта ишлаш тармоқларини — жунни қайта ишлаш ва ип-калава ва кашемир маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводларини ташкил этиш;

👉 Ўзбекистон-Мўғулистон савдо уйини ташкил этиш;

👉 Мўғулистоннинг йирик савдо марказларида «Ўзбекистон маҳсулотлари» ярмаркаларини, шунингдек, Улан-Баторга бизнес миссияларини ташкил этиш;

👉 мутахассислар малакасини оширишни йўлга қўйиш: 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва Мўғулистон табиий фанлар университети ўртасида магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари жорий этиш.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ