Парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқлари кенгайтирилади

uza.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июль куни парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтирувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатга кўра, ўзини расман мухолифат деб эълон қилган фракция партияси қатор янги ҳуқуқларга эга бўлади. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир қўмита раиси ва иккита қўмита раисининг ўринбосари лавозимларини эгаллаш имконияти кафолатланади. Бундан ташқари, эндиликда мухолифатдаги депутатлар қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳаси ёки унинг таркибий қисмининг муқобил таҳририни киритиши мумкин.

Шунингдек, парламент мухолифатига ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида масала киритиш имконияти берилди.

Амалдаги қонунчилик мухолифатдаги партияларнинг қуйидаги ҳуқуқларини кафолатлайди:

✅ Қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни тегишли масала юзасидан Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг маърузаси билан бир вақтда киритиш;

✅ Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси баённомасига муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини киритиш;

✅ Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

ℹ️ Парламентда мухолифат бўлиши зарурлиги 2024 йил ноябрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилганди. 2025 йил май ойида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзолари қўшма «Прогрессив блок» тузиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Мазкур уюшма 93 нафар депутатни ўз ичига олганлиги сабабли у парламент кўпчилигига айланди. Шундан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳукумат йўналиши ва дастуридаги ҳамма нарсага, шунингдек унинг айрим йўналишларига рози эмаслигини айтиб, ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ