Ўзбекистон Афғонистонда 243 млн долларлик энергетика лойиҳаларини амалга оширади

dpmea.gov.af сайти фотосурати

Ўзбекистон Афғонистондаги тўртта энергетика лойиҳасига, жумладан, подстанцияларни модернизация қилиш ва қуриш, шунингдек, электр узатиш линиялари бўйича ишларга 243 миллион доллар сармоя киритишга тайёр. Тегишли шартномалар 17 август куни имзоланди, дея хабар беради толиблар* ҳукумати раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари мулла Абдул Ғани Бародар Охунд.

Ҳужжатларни имзолаш маросимида Da Afghanistan Breshna Sherkat компанияси раҳбарияти ва Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистон ўз маблағларини бир қатор лойиҳаларга йўналтиришига келишиб олдилар. Хусусан, қуввати 800 мегаватт бўлган Арганди подстанциясини кенгайтириш, Нангарҳорда қуввати 126 МВт бўлган Шайх Месри подстанциясини қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, ўзбек энергетиклари иккита электр узатиш линиясини қурадилар: Сурхон-Дашт-э-Алвон ва Кобул-Шайх Месри участкаларида.

Ишлар якунлангач, Афғонистон қўшни давлатдан 800 дан 1000 МВтгача электр энергияси олади. Юқоридаги барча лойиҳалар 1,5 йил ичида якунланиши кутилмоқда.

Шунингдек, мулла Абдул Ғани Бародар Охунд ва Мирзамаҳмудов музокаралар чоғида мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қилди. Афғонистон ҳукумати вакили Озарбайжонда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан самарали учрашув ўтказганини, республика раҳбари билан Кобул ва Тошкент ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва савдо алоқаларини муҳокама қилганини таъкидлади.

Бародар Охунднинг сўзларига кўра, энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларнинг имзоланиши давлатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг давомидир. У ҳамкорларни ушбу ташаббусларга алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлашга чақирди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбари Бош вазир ўринбосарини республика яқин келажакда Афғонистон компаниялари билан ҳамкорликда ишлашни бошлашга тайёрлигини ишонтирди. Мирзамаҳмудов Ўзбекистон қўшнилари билан келажакда бошқа соҳаларда, масалан, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, саноат ва соғлиқни сақлаш соҳасида ўз тажрибасини баҳам кўришга тайёр эканини қўшимча қилди.

*Бир қатор мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.