Ислом цивилизацияси марказига муқаддас Каъба ёпинчиғининг бир қисми топширилди

Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати фотосурати

Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга муқаддас Каъба ёпинчиғи — кисванинг бир қисми келтирилди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Кисва Ўзбекистонга илк бор мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан келтирилди. У жорий йил август ойининг охирига қадар очилиши режалаштирилган Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазмасининг бир қисмига айланади. Муқаддас осори-атиқани марказ директори, санъатшунослик фанлари доктори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги бир гуруҳ олим ва дин арбоблари кутиб олди.

Кисва – муқаддас Каъба деворларини қоплайдиган олтин иплаб билан нақшлар солинган қора ипакдан тайёрланган ёпинчиқ ҳисобланади. У ҳар йили алмаштирилади, олиб ташланган қисмлар бўлакларга бўлинади ва айрим инсонларга, мансабдор шахсларга, музей ва ташкилотларга тарқатилади. Ўзбекистонга юборилган кисва парчасининг узунлиги 6,3 метр, кенглиги 3,3 метрни ташкил қилади.

Ривоятларга кўра, исломгача бўлган даврда Каъбани ёпиш одати Ҳимёрийлар подшоси Асад ал-Комил (IV-V асрлар) давридан бошланган. Муҳаммад С.А.В даврида кисва Яманда, кейинроқ Мисрда тайёрлана бошлаган. ХХ асрнинг биринчи чорагида Саудия Арабистонининг биринчи қироли Абд ал-Азиз ибн Сауд фармони билан мамлакатда кисва ишлаб чиқарадиган махсус тўқув фабрикаси ташкил этилган. Корхонада 200 нафарга яқин тўқувчи эркак меҳнат қилади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш ғояси контекстида амалга оширилаётган лойиҳадир. Бинода бешта тематик залдан иборат улкан музей жойлашган.