Тошкентдаги 16-сонли шаҳар шифохонаси ёнида Американинг Sayar компаниясига тегишли тиббиёт чиқиндиларини ёқиш орқали иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи завод иш бошлади. «Газета.uz» хабарига кўра, бу Ўзбекистондаги биринчи шундай корхонадир.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси Жамшид Ҳасановнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда йилига 90 минг тонна тиббиёт чиқиндиси ҳосил бўлади. Шу пайтга қадар уларнинг барчаси бошқа турдаги чиқиндилар сингари махсус полигонларга олиб чиқилган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, пойтахтдаги иккита давлат шифохонаси ва хусусий клиникалардан чиқиндилар пойтахт корхонасига қабул қилинади. Завод кунига 6 тоннагача чиқиндини ёқиб юборишга қодир, бироқ ҳозирча у ўзининг ярми қувватида ишламоқда. Утилизация қилиш жараёнида олинган иссиқлик энергияси 16-сонли ва 17-сонли шаҳар шифохоналарига берилади.
Чиқиндиларни ёқиш заводи оператори Николай Кундийнинг тушунтиришича, дастлаб чиқиндилар алоҳида музлатгич хонасида сақланади. Шприцлар, ниқоблар, шиша ампулалар ва бошқалар қайта ишланади. Бу ердаги печ 1150 даражагача қизигани сабабли тиббиёт чиқиндиларининг барчаси ёниб кетади. Утилизациядан сўнг 3 фоизгача кул чиқади. Кул махсус контейнерга жойланади. Айни пайтда комбинатда 15 киши иш билан таъминланган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йили «нол чиқинди» тамойилига асосланган янги тартиб ва механизмларни жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Хасанов таъкидлагшича, мазкур ҳужжатга мувофиқ, Хитой, Жанубий Корея ва Финляндия инвесторларининг бир қатор таклифлари кўриб чиқилган. Аммо охир-оқибат, улар Американинг Sayar компаниясини танлаганлар, чунки унинг фильтрлаш ва ёниш тизими энг хавфсиз деб тан олинган. Дарвоқе, заводда фойдаланиладиган барча жиҳозлар республикага АҚШдан олиб келинган, дея қўшимча қилади агентлик ходими.
Тошкент шаҳрида бошланган лойиҳа икки босқичдан иборат. Биринчи босқич Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг барча турдаги тиббиёт муассасаларини қамраб олади. Унинг қиймати 7 млн доллар бўлиб, тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинади. Мазкур уч ҳудудда бир йилда ҳосил бўладиган 6 минг тонна тиббиёт чиқиндисини термик қайта ишлаб, йилига 20 ГВт соат қувватга эга ускуналарни ишга тушириш белгиланган.
Кейин 2026-2030 йилларда 108 миллион доллар миқдоридаги қўшимча инвестициялар ҳисобига республика бўйлаб шундай корхоналар қурилади. 90 минг тонна тиббий чиқиндиларни ёқиш ҳисобига йилига 300 ГВт/соатгача энергия ишлаб чиқарилади.
Ҳасановнинг таъкидлашича, бугунги кунда тиббиёт чиқиндиларини самарали утилизация қилишга мўлжалланган бу каби заводлар Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси (ТошМИ) ҳамда Тошкент туманида жойлашган Тошкент педиатрия тиббиёт институти (СамПИ) тиббиёт муассасаларида қурилмоқда.