Қозоғистонда талабалик визаларини бериш қоидалари кучайтирилади

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистонда коррупцияни камайтириш ва муҳожирларнинг талаба ниқоби остида кириб келишининг олдини олиш мақсадида талабалик визаларини бериш қоидалари кучайтирилади, деб ёзади Tengrinews.kz Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбекга таяниб.

«Бир қанча мамлакатларда ёмон аҳвол бор эди, улар виза режимини ҳаддан ташқари либерал қилиб қўйишганди. Кўп сонли фуқаролар Бангладешдан ўқиш учун эмас, ишлаш учун келишган. Ёки Афғонистондан транзит орқали кейинчалик Европа давлатларига кетиш учун. Шу боис, биз хавфсиз виза режимини жорий этиш учун ҳозирда Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаяпмиз», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, виза ҳозиргидек бир йилга эмас, балки бутун ўқиш муддатига берилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, талаба ўз шахсини тасдиқловчи текширувдан ўтиши керак, улар тақдим этган маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ҳам текширилади.

Виза жараёни онлайн тарзда ўтказилади. Рўйхатдан ўтгандан сўнг талаба расмий таклифнома олади. Бу ҳақдаги маълумотлар ягона миграция маълумотлар базасига жойлаштирилади, унга университетлар уланади.

Агар чет эллик талаба иқтидорли бўлса ва «мамлакатга керак бўлса», унга яшаш рухсатномаси берилади, дея қўшимча қилди Саясат Нурбек.

Қозоғистонга талабалар ниқоби остида мигрантлар олиб келингани воқеаси ўтган йили Таразда содир бўлганди. Прокурорлар Ўзбекистон ва Туркманистоннинг бир неча ўнлаб фуқароларига М.Х. Дулати номидаги Тараз университети талабалари эканига оид соҳта ҳужжатлар расмийлаштирилганини аниқлашган, гарчи улар бу университетда ўқимаган бўлсалар ҳам.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ