Афғонистонни бошқараётган толиблар* олти вилоятда интернетга киришни чеклаб қўйди ва Afghan Telecom давлат компаниясининг оптик толали тармоғини узиб қўйди. Бу ҳақда Amu.tv хабар берди.
Чекловлар Балх, Қандаҳор, Ҳилманд, Ҳирот, Урузгон ва Нимроз вилоятларига тегишли бўлди. Ҳиротда оптик толали тармоқни кенгайтириш бўйича ишлар тахминан икки ҳафта олдин тўхтатилган эди. Ҳозирда тармоқ ҳукумат бинолари ва турар-жой биноларида ишламоқда, бироқ толиблар яқин келажакда узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Чекловлар аҳоли орасида хавотир уйғотди, чунки улар алоқа, давлат хизматларидан фойдаланиш ва тилга олинган ҳудудлардаги онлайн фаолиятга таъсир қилмоқда.
Балх вилояти губернатори матбуот котибининг аниқлик киритишича, тақиқ «Толибон»* етакчиси Хайбатуллоҳ Охундзоданинг буйруғи билан «ахлоқсиз фаолият олдини олиш учун» киритилган. Унинг сўзларига кўра, мулозимлар расмий фойдаланиш учун муқобил ички тармоқ яратиш масаласини кўриб чиқишмоқда.
Толиблар фақат оптик толали интернетга кириш чекланганини даъво қилса-да, Мозори Шариф аҳолиси Afghan Telecom ва бошқа кабел интернет провайдерлари тўлиқ ёпилгани ва фақат мобил интернет қолаётгани ҳақида хабар беради. Amu.tv манбаларига кўра, бу ҳолат онлайн хизматлар, банк, масофавий таълим ва тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Афғонистон беш қўшни давлат билан оптик толали линиялар орқали уланган. Аввалги ҳукумат ушбу тармоқни ривожлантириш учун қарийб 150 миллион доллар сармоя киритган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва рақамли технологиялар бўйича экспертлар интернетга киришни чеклаш мамлакатни янада яккаланиб қолиши, иқтисодни ёмонлаштириши ва аҳолини таълим ва ахборотдан маҳрум қилиши мумкинлигидан огоҳлантиради.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.