Ўзбекистоннинг миллий почта алоқа оператори UzPost (O‘zbekiston pochtasi) даги давлат улуши хусусийлаштирилди. Харидор — Россия маркетплейси. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Газетага кўра, Wildberries бўлиши янги акциядор бўлиши мумкин. Бу расман тасдиқланмаган ва ҳозирча барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ва давлат улушининг қайси қисми сотилгани номаълум.
Аввалроқ, 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига кўра, «Алоқабанк»га тегишли бўлган UzPost акцияларининг 29,4 фоизи очиқ кимошди савдосига қўйилиши режалаштирилган эди. Июнь ойида UzPost билан боғлиқ тузилмалар рўйхатида ўзгаришлар бўлди. Рўйхатдан «Алоқабанк», Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ушбу вазирликка 20 фоиздан ортиқ улуши тегишли бўлган юридик шахслар чиқарилди.
Уларнинг ўрнида рўйхатга Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА), устав капиталида 20 фоиздан ортиқ улуши ДАБАга тегишли бўлган юридик шахслар ҳамда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) киритилди. Ушбу янги аффилирланган томонларнинг ҳар бири UzPost акцияларининг камида 20 фоизига эгалик қилади.
Президентнинг 19 сентябрдаги қарори билан Миллий инвестиция жамғармаси балансида бўлган UzPost акциядорлик жамиятининг 25 фоизли давлат улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилди.
Сотувдан олдин компаниянинг устав капитали оширилди. Июнь ойида ҳар бирининг номинал қиймати 1905 сўм (0,15 АҚШ доллари) бўлган 14,5 миллиард сўм (тахминан 1,2 млн АҚШ доллари) қийматидаги 7 615 444 дона акцияни (жами акцияларнинг 27,8 фоизи) ёпиқ обуна орқали жойлаштирилди. Эмиссия 26 сентябрь куни расмийлаштирилган, UzPostнинг устав капитали 38,06 миллиард сўмдан 52,56 миллиард сўмга (3,1 млн доллардан 4,3 млн долларга) кўпайди.
Ҳар бир акциянинг сотув нархи 10 150 сўм (0,80 АҚШ доллари) этиб белгиланди, бу унинг номинал қийматидан беш баравар кўп. Барча акциялар эмитент ва унинг акциядори Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ўртасида ёпиқ обуна орқали жойлаштирилди. Қимматли қоғозлар бўйича тўлов Тошкент шаҳридаги умумий қиймати 77,3 миллиард сўм (6,3 млн доллар) бўлган 50 та почта алоқаси биносини устав капиталига ўтказиш орқали амалга оширилди. Ушбу мулклар илгари Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Муниципал мулкларни бошқариш маркази балансида бўлган.
UzPostнинг бозор капиталлашуви 285,9 миллиард сўмга (23 млн доллардан ортиқ) баҳоланмоқда.
Ушбу хабар эълон қилинган пайтда Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Ўзбекистон почтаси» мазкур келишувга расман изоҳ бермаган эди.
ℹ️ UzPost АЖ — Ўзбекистоннинг миллий почта оператори бўлиб, 1992 йили ташкил этилган ва 2014 йилда акциядорлик жамиятига айлантирилган. Компания ҳозирда 14 та ҳудудий филиал, 1602 та почта бўлими, 3500 дан зиёд етказиб бериш участкаларига эга. UzPost’да 7000 дан ортиқ ходим, шу жумладан 2500 дан зиёд почтальон фаолият юритади. Компания 2023 йилни 809,7 миллион сўм (тахминан 65,8 минг доллар) соф фойда билан, 2024 йилни эса 603,5 миллиард сўм (тахминан 49 млн доллар) даромад бўйича 843,9 миллион сўм (тахминан 68,6 минг доллар) соф фойда билан якунлаган.