Бердимуҳамедовлар оиласи ҳаво флоти VIP-класс лайнери билан бойиди. Гап Америка тюнинг компанияси саъй-ҳаракатлари туфайли стандарт учоқдан «учар сарой»га айлантирилган Boeing 737-700 самолёти ҳақида бормоқда, деб хабар беради Turkmen.news.
Агентлик маълумотларига кўра, 2023 йил охирида «Туркманистон» авиакомпаниясига тегишли қуйруқ рақами EZ-A006 бўлган Boeing Ашхободдан АҚШга жўнаб кетган. Самолёт Луизиана штатидаги Лейк Чарльз аэропортига қўнган, у ерда буюртма асосида стандарт самолётларни ҳашаматли, махсус дизайнли интерьерга эга ноёб транспорт воситаларига айлантиришга ихтисослашган Citadel Completions бутик фирмаси фаолият юритади.
Туркманистондан келган самолёт сезиларли даражада ўзгатирилган. 2024 йили унинг баъзи декор элементлари ҳақида маълумот Интернетда эълон қилинган. Хусусан, Америка компаниясининг интерьер дизайни бўйича менежери Коннор Оливер Вайсент ўз сайтида бўлажак лойиҳанинг 3D кўринишдаги фотосуратларини жойлаштирган ва гап давлат раҳбари учун бизнес-жет ҳақида кетаётганини таъкидлаган.
Фотосуратларда туркманча услубдаги декор вариантлари акс этган: шифт ва деворлардаги гилам нақшлари, полга тўшалган қўлда ишланган гиламлар, кабинадаги кўплаб Ахал-Теке отлари ҳайкалчалари. Туалет кабинетида зарҳал раковина ва фурнитура, шунингдек, Марказий Осиё республикаси рамзларидан бири бўлган саккиз қиррали Ўғузхон юлдузи туширилган ойна ўрнатилиши режалаштирилган бўлган. Журналистлар шарҳлаб бериши учун Вайсент билан боғланганидан сўнг, менежер ўз сайтидан суратларни олиб ташлаган.
Лойиҳанинг нархи номаълум, бироқ Forbes журналига берган интервьюсида Citadel Completions вице-президенти Нил Бойл стандарт самолётни «учар сарой»га айлантириш бўйича ишлар мижознинг талабидан келиб чиққан ҳолда 140 миллион долларга тушиши мумкинлигини айтган.
Turkmen.news нашри Бердимуҳамедовлар оиласи учун олдинги самолёт харидларининг молиявий тафсилотларини ошкор қилган. Масалан, 2008 йили Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 55 миллион долларга Boeing 737-700 сотиб олиш ва уни VIP-класс самолётига айлантирувчи Техас компаниясига қўшимча 21 миллион доллар тўлаш ҳақидаги фармонни имзолаган. Иккала ҳисоб ҳам «Туркмангаз» давлат концерни томонидан юритилган. Шунга ўхшаш лойиҳа 2017 йили амалга оширилган бўлиб, авиалайнерни созлаш қиймати 32 миллион долларни ташкил этган. Маблағлар республика бюджетидан ўтказилган.
Дарвоқе, ҳашаматли самолёт Луизианадан қайтгач, янги EZ-A010 қуйруқ рақамини олган. Туркманистонни бошқараётган оила ҳозирда бешта ҳашаматли самолётга эга: иккита Boeing 777 ва учта Boeing 737.
Бу самолётлар нафақат мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов ва унинг отаси, парламент юқори палатасига раислик қилувчи Гурбангули Бердимуҳамедовга, балки бошқа оила аъзоларига ҳам хизмат қилиши маълум. Масалан, давлат раҳбарининг ўғли ва синглиси Керимгули Бердимуҳамедов ва Ўғулжахон Отабаевага ҳам улардан фойдаланади.
Бироқ, 2022 йилдаёқ ўша пайтдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов миллий авиакомпаниянинг иккита самолётини ўзи фойдаланиш учун олгани ва «оилавий парк»ни бешта самолётга етказгани хабар қилинган эди.
Ўшанда «боинглар»дан бири премиум-класс самолётига айлантирилгани аниқланган. Унда VIP- ётоқ хонаси, душ билан жиҳозланган чўмилиш хонаси, махсус тайёрланган стол ва массаж курсиси бўлган. Салон ҳашаматли материаллар, жумладан, олтин суви юритилган деталлар билан безатилган ва бир нечта монитор ва сенсорли дисплейлар ўрнатилган.