Қозоғистон президенти ҳукуматга иқтисодий ислоҳотлар режасини тузатиш учун икки кун муҳлат берди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бош вазир Олжас Бектеновга иш ҳафтаси охиригача иқтисодий ислоҳотлар дастурини фуқаролар манфаати йўлида тартибга солиш режасини тақдим этишни топширди. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Руслан Желдибай маълум қилди.

Нашрнинг аниқлик киритишича, ҳукумат кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, сармоявий муҳитни яхшилаш, мамлакатнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган тузатишлар киритиши ва қарорлар қабул қилиши керак.

«Давлат раҳбари ҳукумат иқтисодий сиёсатининг асосий параметрлари Қозоғистоннинг стратегик манфаатларига мос келади ва глобал вазият ва жорий бозор тенденцияларини ҳисобга олади, деб ҳисоблайди», — деб ёзган Желдибай.

Сентябрь ойида Тўқаев Қозоғистон халқига мурожаатида иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатаётган юқори инфляцияга қарши ҳукумат ва Миллий банк биргаликда курашиши зарурлиги ҳақида гапирган эди. «Бугунги кунда асосий муаммо юқори инфляция бўлиб, у иқтисодий ўсиш ва аҳоли даромадларини еб кетмоқда. Бу муаммонинг тайёр ечими йўқ. Аксарият мамлакатлар бунга дуч келмоқда, аммо бизнинг шароитимизда бу муаммо айниқса кескинлашган. Биз бу макроиқтисодий доирадан чиқиб кетишимиз керак», — деганди президент ўшанда.

Октябрь ойида ҳукумат билан бўлиб ўтган йиғилишда Тўқаев юқори инфляция масаласи Вазирлар Маҳкамаси учун устувор вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ