АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси этиб хавфсизлик соҳасидаги эксперт тасдиқланди

ПОЛ КАПУР қасамёд қилмоқда. THERIGHTNEWS.IN сайти фотосурати

С. Пол Капур (S. Paul Kapur) АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси этиб тасдиқланди. АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, у 22 октябрь куни қасамёд қилган.

Пол Капур Нью-Деҳлида туғилган, отаси — ҳинд, онаси — америкалик бўлган. У АҚШда ўсган, Чикаго университетида докторлик даражасини олган, Клермонт МакКенн коллежи ва АҚШ денгиз флоти аспирантура мактабида дарс берган ва Гувер институтида илмий ходим бўлиб ишлаган.

Капур Жанубий Осиёда хавфсизлик ва ядровий сиёсат бўйича кенг қамровли тадқиқотлари билан машҳур. У:

▪️ «Жиҳод Буюк Стратегия сифатида: Ислом жангарилари исломизми, миллий хавфсизлик ва Покистон давлати» (Oxford University Press) ва «Хавфли тўхтатиб турувчи фактор: Жанубий Осиёда ядровий қуролнинг тарқалиши ва можароси» (Stanford University Press) китобларининг муаллифи;

▪️ «Ҳиндистон, Покистон ва бомба: Жанубий Осиёда ядровий барқарорлик бўйича мунозаралар» (Columbia University Press) китобларининг ҳаммуаллифи;

▪️ «Ядро хавфсизлиги муаммолари: АҚШ ва Ҳиндистон нуқтаи назарлари» (Palgrave Macmillan) китобининг ҳамношири.

Капурнинг ишлари етакчи академик журналларда ва турли антологияларда ҳам нашр этилган.

Пол Капур 2021 йил сентябридан 2025 йил январигача ушбу лавозимда ишлаган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лунинг ўрнини эгаллайди.

Капур АҚШнинг Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мальдив ороллари, Непал, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Шри-Ланка билан дипломатик саъй-ҳаракатлари, стратегик шериклиги ва минтақавий алоқаларини назорат қилади. Унинг вазифаларига хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик, терроризмга қарши кураш ва инфратузилмани ривожлантириш масалалари киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ