Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди

Шавкат Мирзиёев, Урсула фон дер Ляйен ва Антониу Кошта. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

24 октябрь куни Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Мирзиёев матбуот хизматининг хабар беришича, ҳужжат 1996 йилги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосланган Ўзбекистон – Европа ҳамкорлигининг ҳуқуқий базасини янгилайди ҳамда сезиларли даражада кенгайтиради.

Битим 9 та бўлим, 356 та модда ва 14 та иловадан иборат. У икки томонлама муносабатларнинг деярли барча соҳаларини қамраб олади ҳамда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш, фан ва таълим, инновациялар ва юқори технологиялар, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришига алоҳида эътибор қаратган ҳолда барча ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг қамровли ҳуқуқий асосни шакллантиради.

Битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва ЕИ муносабатларида янги босқични бошлаб беради ҳамда кўп қиррали шерикликни мисли кўрилмаган юксак даражага олиб чиқади, деб ёзади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Европа Комиссиясининг баёнотида ҳам Ўзбекистон билан янги шартноманинг аҳамияти таъкидланган. Унда ҳужжат қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик ҳуқуқлари соҳаларида ҳамкорликни назарда тутиши таъкидланган. Бундан ташқари, у можароларнинг олдини олиш, инқирозларни бошқариш, хавфларни камайтириш, киберхавфсизлик, минтақавий барқарорлик, қуролсизланиш, қурол назорати ва экспорт назоратини қамраб олувчи ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

«Бугунги тарихий келишув Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очади. Бу бизнинг сиёсий, савдо ва мудофаа алоқаларимизда муҳим қадамдир. Инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик ва демократия яқинроқ ҳамкорлигимизнинг муҳим элементлари бўлади», — дейди Европа Комиссияси вице-президенти Кая Каллас.

ℹ️ Янги келишув лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йили бошланган ва 2022 йили якунланган. Ҳужжатнинг парафланиши ёки расмий имзоланишидан олдинги келишуви 2022 йил 6 июлда Брюсселда бўлиб ўтганди.