Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ЮНEСКО Бош конференцияси бўлиб ўтадиган Самарқандга ташрифини Имом Бухорий мақбараси зиёрат қилиш билан бошлади. Давлат раҳбари тарихий мажмуа қурилишининг якуний босқичини ва унинг ҳудудида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, давлат раҳбари ташаббуси билан мазкур мажмуа буюк муҳаддис олимнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди.
Мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, айни пайтда унинг умумий майдони 44 гектарга етган. Мўътабар мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қуриб битказилган. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлайди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг таъкидлашича, Президент ҳар гал Самарқандга келганида мажмуанинг қурилиши жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Шу мақсадда янги мажмуада инновацион музей ҳам ташкил этилган. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 та пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Зиёратгоҳ атрофида меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш биноларида ҳам қурилиш ишлари якуний босқичга кирган. Битта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли ва 22 та оилавий уй меҳмонхоналари ташкил этилди.
Давлат раҳбари мажмуага ташриф буюрувчилар учун қулайликларни кенгайтириш ва яшил майдонларни кўпайтиришни буюрди.
Шунингдек, Мирзиёев Самарқандга ташрифи чоғида Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.



