АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон билан ажойиб савдо-иқтисодий битим тузганини эълон қилди. Келишувга кўра, Марказий Осиё республикаси АҚШ иқтисодиётига 100 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритади, деб хабар беради Reuters алентлиги Оқ уй раҳбарининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига таянган ҳолда.
Трампнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон кейинги уч йил ичида АҚШ товарларини сотиб олиш ва мамлакатга инвестициялар киритиш учун 35 миллиард доллар, кейинги 10 йил ичида эса 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратади. Ушбу маблағлар АҚШ иқтисодиётининг асосий тармоқларидаги лойиҳаларга сарфланади. Хусусан, буларга муҳим минерал ашёлар қазиб олиш, самолётсозлик, автомобилсозлик, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё саноати, ахборот технологиялари ва бошқалар киради.
Америка раҳбари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдириб, икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли ва самарали муносабатларга умид қилишини қўшимча қилди.
Вашингтонда бўлиб ўтган «Марказий Осиё-АҚШ» («C5+1») саммитига раислик қилган Трамп минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликни юқори баҳолади. Сиёсатчининг сўзларига кўра, Оқ уй маъмурияти энди стратегик аҳамиятга эга ва ниҳоятда бой ҳудуд бўлган Марказий Осиёнинг салоҳиятини эътиборсиз қолдирган олдинги президентларнинг хатоларини тузатмоқда.
Трамп ўз нутқида иқтисодий шериклик ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга урғу берди. Унинг қўшимча қилишича, сўнгги ойларда Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё республикалари Америка ҳарбий техникасини етказиб беришни ўз ичига олган катта миқдордаги савдо битимларини тузганлар.
Ўзбекистон раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, саммит олдидан Мирзиёев ва Трамп ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Давлат раҳбари америкалик ҳамкасбини ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишдаги муҳим ютуқлари билан табриклади. Унинг кескин халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилишга қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидланган.
Етакчилар, шунингдек, қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун институционал механизмларни яратиш ва такомиллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
ℹ️ Иккинчи «C5+1» саммити Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп раислигида бўлиб ўтди. Тадбирда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди.



