Юқори даражали тожик делегацияси 15 ноябрь куни толиблар* билан сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Афғонистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Афғонистон оммавий ахборот воситалари TOLOnews ва Amu.tv ўз манбаларига таяниб хабар берди. Ҳозирча бу маълумот Тожикистон расмийлари томонидан расман тасдиқланмаган ёки рад этилмаган.
Афғонистон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ва бошқа бир қатор идоралар вакилларидан иборат тожик делегацияси толиблар Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан учрашувлар ўтказган. Муҳокамаларнинг асосий мавзулари сиёсий масалалар, Кобул ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар ва икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш бўлган. Тожикистоннинг толиблар ҳукуматини тан олишни истамаслиги сабабли узоқ вақтдан бери ёпиқ бўлиб келган Душанбедаги Афғонистон элчихонасининг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган.
Таъкидланишича, ушбу ташриф Тожикистон ва толиблар ҳукумати ўртасида 2021 йил август ойида ҳокимият тепасига келганидан бери расман тасдиқланган биринчи юқори даражадаги алоқа ҳисобланади.
Ташриф 2025 йил октябрь ойида «Толибон» етакчисига яқин Балх вилояти губернатори Юсуф Вафо тожик томонининг таклифига биноан Душанбега ташриф буюрганида бошланган бир қатор дипломатик алоқаларни давом эттиради. Ўша пайтда икки мамлакат вакиллари хавфсизлик ва разведка алоқаларини яхшилаш, шунингдек, террорчи гуруҳлар ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни муҳокама қилишган. Вафони қабул қилган Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов «Тожикистон ва Афғонистон қардош мамлакатлар сифатида тинчлик ва дўстликда яшайди» ва Душанбе «бирон бир душман унсур ҳудудимиздан Афғонистонга таҳдид қилиш учун фойдаланишига» йўл қўймаслигини айтган.
10 ноябрь куни Хатлон вилояти раисининг ўринбосари Заробиддин Файзуллозода бошчилигидаги яна бир тожик делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди. Қундуз вилоятида тожиклар толиблар вакиллари билан хавфсизлик, разведка, савдо ва консуллик хизматлари, жумладан, икки мамлакат ишбилармонлари учун визалар масалаларини муҳокама қилишган.
ℹ️ Тожикистон тарихан Марказий Осиё мамлакатлари орасида «Толибон»га қарши энг қаттиқ позицияни эгаллаб келган, бу ҳаракатни тан олишдан бош тортган ва Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузиш талабларини қўллаб-қувватлаган. Душанбе минтақада Афғонистон элчихонасини толибларга бермаган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, Тожикистон Афғонистон билан савдо алоқаларини сақлаб қолган ва гуманитар ёрдам кўрсатади. 2024 йили икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 105 миллион долларни ташкил этган, шундан 70 миллион доллари Тожикистоннинг Афғонистонга электр энергияси экспортига тўғри келади.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.



