Қозоғистоннинг «Самрук-Казина» холдингида ўнлаб ишламаётган ва зарар кўраётган компаниялар аниқланди

sk.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Олий аудит палатаси «Самрук-Казина» холдингида ўнлаб ишламаётган ва зарар кўраётган компанияларни, шунингдек, миллионлаб тенге миқдоридаги молиявий қоидабузарликларни аниқлади, деб хабар беради ОАП.

Палата ««Самрук-Казина» Миллий фаровонлик жамғармаси» ва унинг шўъба корхоналарида давлат активларидан самарали фойдаланиш ва стратегик бошқарув тизимини аудит қилди. Аудитлар жами 18 та юридик шахсни ифодаловчи корпоратив марказ, «Казатомпром», Samruk-Kazyna Ondeu ва бошқа компаниялар фаолиятини қамраб олди.

Аудиторлар стратегик режалаштириш ва бошқарувдаги камчиликларни аниқлаганлар. Жумладан, Жамғарманинг 2018-2021 йиллари трансформация дастурининг саккизта компанияни халқаро аналоглар даражасига кўтариш мақсади амалга ошмаган. Дастурдан олинган ҳақиқий фойда 154,5 миллиард тенге (301,17 миллион доллар) ни ташкил этган, бу режалаштирилган сумманинг ярмига тенг.

Холдинг улкан тузилмага эга — олтита бошқарув даражасида 326 та компания. 2020 йилдан 2024 йилгача гуруҳга 23 та фаол бўлмаган компания кирган. 2024 йил охирига келиб, 41 та компания зарар кўрган.

Жамғармада корпоратив бошқарув сустлиги кузатилади. Стратегик ҳужжатлар қоидалар бузилган ҳолда ишлаб чиқилган ва режали кўрсаткичлар паст кўрсатилганган. Еттита ахборот тизимидан Жамғарма атиги тўрттасидан фойдаланади. SAP BPC тизими камчиликлар билан ишлайди, бир нечта компанияларда молиявий ҳисоботлар қўлда юритилади.

Директорлар кенгашининг бешта қўмитасидан учтаси ишламайди: стратегия қўмитаси, трансформация дастурини назорат қилиш қўмитаси ва ихтисослашган қўмита. Жамғарма бошқарув кенгашининг еттита қўмитасидан иккитаси — модернизация ва барқарор ривожланиш қўмитаси — 2024 йилдан бери фаол эмас.

2020 йилдан 2024 йил 30 сентябргача 175 та лойиҳадан 49 таси якунланган. Аудит давомида 351,8 миллион тенге (686 000 доллар) миқдоридаги молиявий қоидабузарликлар ва 122,2 миллиард тенге (238,41 миллион доллар) миқдоридаги маблағларни самарасиз режалаштириш ва улардан фойдаланиш аниқланган.

Жамғарма таркибидаги субъектлар фаолиятида 119 та тизимли камчилик аниқланган. Бир қатор материаллар маъмурий иш юритиш учун тақдим этилди ва айрим қоидабузарликлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

ОАП шунингдек, 2024 йил охирида Жамғарма компаниялар гуруҳининг даромади 16,5 триллион тенге (32,17 миллиард доллар) ни ташкил этганини таъкидлайди. Гуруҳнинг консолидациялашган соф фойдаси 2,4 триллион тенге (4,68 миллиард доллар) га етган. Холдинг давлатга 2,37 триллион тенге (4,62 миллиард доллар) миқдорида, жумладан, 779,9 миллиард тенге (1,52 миллиард доллар) дивидендлар ва 1,6 триллион тенге (3,12 миллиард доллар) активларни рақобатбардош муҳитга ўтказишдан олинган тўловларни тўлаган. Холдинг Қозоғистон президенти ва Ҳукуматининг жами 673 миллиард тенге (1,31 миллиард доллар) миқдоридаги кўрсатмаларини бажарган.

ℹ️ «Самрук-Казина» Миллий фаровонлик жамғармаси 2008 йили Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг фармони билан ташкил этилган. Бу инвестиция холдинг компанияси бўлиб, унинг вазифаси Қозоғистон халқи манфаатларини кўзлаб диверсификациялашган активлар портфелини самарали бошқариш орқали барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва узоқ муддатли қиймат яратишдан иборат. Мамлакат ҳукумати Жамғарманинг ягона акциядори ҳисобланади.

Холдинг нефть ва газ саноати, транспорт ва логистика, кимё ва ядро саноати, кончилик ва металлургия, энергетика ва машинасозлик соҳасидаги йирик миллий компанияларни ўз ичига олади. Асосий компаниялар қаторига «Казатомпром», «Казпочта», «Самрук-Энерго», «Казахтелеком», «Эйр Астана» ва бошқалар киради.

Жамғарма директорлар кенгашига Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов раислик қилади, Бошқарув кенгаши раиси эса Нурлан Жакупов ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ