Orda.kz бош муҳаррири Гулнора Бажкеновага нисбатан жиноий ишлар қўзғатилди

Гулнора Бажкенова. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Қозоғистоннинг ORDA.kz нашри бош муҳаррири Гулнора Бажкеновага нисбатан бир нечта жиноий иш қўзғатилди. Унинг Олмаотадаги квартираси ва нашр офиси тинтув қилинмоқда, деб хабар беради КазТАГ.

Шаҳар полиция бошқармаси агентликка тергов «қасддан ёлғон маълумотларни бир неча бор тарқатиш» билан боғлиқлигини маълум қилди. Полиция маълумотларига кўра, Бажкеновага қарши бир нечта шикоятлар келиб тушган ва улар «батафсил текширилмоқда».

Тергов ишлари олиб борилишининг сабабларидан бирига 2024 йили ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимининг пора олаётганда ҳибсга олингани ҳақидаги хабар бўлган. «Бироқ, бу воқеа юз бермагани ишончли тарзда аниқланган. Шунинг учун Б.нинг хатти-ҳаракатлари орган ходимининг касбий фаолияти ҳақида жамоатчиликда нотўғри таассурот қолдирган ва унинг ишбилармонлик обрўсига путур етказган», — деб таъкидлайди бошқарма.

Полиция маълумотларига кўра, яна бир нашрда мулк низосидаги зарар миқдори ва сабаблари ҳақида бузиб кўрсатилган ва нотўғри маълумотлар мавжуд бўлиб, бу «жамоатчиликни чалғитиб, ариза берувчининг бизнес обрўсига жиддий зарар етказган».

«Шунингдек, жабрланувчиларнинг олдинги йиллардаги хабарларга оид бошқа шикоятлари бўйича ҳам тергов олиб борилмоқда, уларда ҳам ёлғон ва чалғитувчи маълумотлар бўлиши мумкин», — деб қўшимча қилади полиция.

Бажкенованинг яшаш ва иш жойидаги электрон қурилмалар ва материаллар мусодара қилинмоқда. ORDA.kz Telegram-каналида (бир неча соат давомида янгиланмаган) таҳририят ходимлари «алоқага чиқмаётгани» таъкидланган. «Биз уларнинг телефонлари мусодара қилинган деб тахмин қиламиз. Таҳририятда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда; қора кийим кийган эркаклар айланиб юришмоқда ва белгисиз машиналар турибди», — дейилади баёнотда.

Гулнора Бажкенова Қозоғистонда таниқли журналист. У бошқарадиган ORDA.kz сайтининг аудиторияси 12 миллиондан ортиқ. Ўтган кузда ушбу нашр Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг халққа мурожаати арафасида матбуотда юз берган жанжалга сабаб бўлди. Бир неча кун давомида ORDA.kz расмийларнинг бир неча бор рад этишларига қарамай, собиқ Ташқи ишлар вазири ва Тўқаевнинг яқин ҳамкори Мурат Нуртлеу, бизнесмен Гажи Гажиев ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг бир нечта юқори лавозимли амалдорлари ҳибсга олинганига оид хабарларини тўғри деб туриб олди.

Президент мурожаати арафасида Бажкенова ўзининг Telegram каналида «ўзининг ютқазгани»ни, Нуртлеу озодликда экани ва «масала ёпилгани»ни ёзганди.