2002 йилдан бери Қўшма Штатлар Афғонистонга 148 миллиард доллардан ортиқ молиявий ёрдам берган, аммо маблағларнинг катта қисми беҳуда сарфланган. Бунга маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги коррупция ва назоратнинг йўқлиги сабаб бўлган. Бундай хулоса Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус бош инспектор бошқармаси (SIGAR) ҳисоботида ўрин олган, деб хабар беради Khaama.com ахборот агентлиги.
Кузатув органи вакиллари, катта молиявий инвестицияларга қарамай, АҚШнинг Афғонистонда барқарорлик ва демократияни ўрнатиш бўйича кўп йиллик саъй-ҳаракатлари муваффақиятсизликка учраган деган хулосага келишган.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, америкалик аскарлар мамлакатдан чиқиб кетганидан сўнг, 2021 йил ёзида бутун мамлакатни тўлиқ назоратга олган «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимият тепасига келган. Ҳисоботда айтилишича, АҚШ томонидан молиялаштирилган ускуналар, объектлар ва ҳарбий активларнинг катта қисми жангарилар қўлига ўтган.
SIGAR маълумотларига кўра, толиблар Қўшма Штатлар томонидан тақдим этилган маблағларнинг 60 фоизини авиация ва зирҳли транспорт воситаларидан тортиб, кичик қуроллар, машғулотлар ва хавфсизлик кучларини логистика билан таъминлашгача бўлган ҳарбийлаштирилган кучларига сарфлаган.
Мудофаа харажатларидан ташқари, инфратузилма, энергетика лойиҳалари, меҳмонхоналар қурилиши ва гуманитар ёрдам учун маблағлар ажратилган. Бироқ, коррупция, тугалланмаган лойиҳалар ва молиявий оқимлар устидан ўрнатилган жуда заиф назорат миллионлаб долларларнинг беҳуда сарфланишига олиб келган.
Бироқ, таҳлилчиларнинг таъкидлашича, шунга ўхшаш вазият толиблар ҳокимият тепасига келишидан олдин ҳам мавжуд бўлган. Афғонистоннинг собиқ ҳукумати самарасиз бошқарувни намойиш этган ва унинг нореал мақсадлари АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган кўплаб ташаббусларга путур етказган.
SIGAR ўз ҳисоботида Афғонистон мисоли АҚШнинг келажакда бирор давлатни қайта тиклаш миссияларига сабоқ бўлиши кераклидан огоҳлантиради. Мутахассислар шунингдек, америкалик сиёсатчиларни ўз муваффақиятсизликларини очиқчасига тан олишга ва ушбу Осиё мамлакатида самарасиз бўлиб чиққан стратегиялардан воз кечишга чақирадилар.
ℹ️ Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус бош инспектор бошқармаси АҚШ Конгресси ташаббуси билан ташкил этилган. Ташкилотнинг асосий мақсади алоҳида лойиҳалар ва АҚШ ҳукуматининг Афғонистондаги умумий фаолияти устидан мустақил ва объектив назоратни таъминлашдан иборат.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.



