Қозоғистон президенти паст коммунал хизматлар тарифлари оддий фуқароларга фойда келтиришига оид фикрларни рад этди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда паст коммунал хизматлар тарифлари аслида кам таъминланган фуқаролар учун эмас, балки бойлар учун яширин субсидия ҳисобланади. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев бу ҳақда Turkistan газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Паст тарифлар кам даромадли одамлар учун фойдали деган афсонани рад этиш вақти келди. Аслида, бу бойлар учун яширин субсидиядир», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, арзон электр енергиясининг асосий фойда олувчилари кўп болали кам таъминланган оилалар эмас, балки йирик корхоналар бўлади. Паст коммунал хизматлар тарифлари ўз вақтида тўлайдиган виждонли фуқароларга эмас, балки «коммунал ботқоқликда» бойлик орттираётган бизнес воситачиларига фойда келтиради.

Тўқаев Қозоғистондаги нархлар ва тарифлар постсовет ҳудудида энг пастлигича қолмоқда, дея таъкидлади. Мамлакат беихтиёр қўшни давлатларга арзон ёқилғи ва мойлаш материалларининг етказиб берувчи маконга айланиб, уларнинг иқтисодиётини ривожлантирди. Арзон бензиндан жамоат транспортидан фойдаланадиган талабалар ва нафақахўрлар эмас, балки ҳукуматга яқин тадбиркорлар фойда олардилар.

Президент ижтимоий адолатни тиклаш учун ушбу муаммони ҳал қилиш ёндашувини ўзгартиришга чақирди. Давлат чинакам муҳтожларни — мақсадли, аниқ тарзда, тўғридан-тўғри компенсация тўловлари орқали қўллаб-қувватлаши керак.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, тарифларнинг ошиши тўғри, ҳалол иқтисодиётга эришиш йўлидаги қийин қадам бўлиб, унда ҳамма ўз истеъмолига қараб тўлайди, аммо ёрдамни чинакам муҳтожлар оладилар.

«Тарифлар адолатли бўлиши керак: «қанча кўп истеъмол қилсангиз, шунча кўп тўлайсиз». Мен қўйган мақсад шу. Биринчи ижобий натижаларга эришилди. Тўлов тизимида дифференциация, шунингдек, сув ёки электр энергиясининг асосий минимал миқдоридан фойдаланадиганлар учун минимал тарифлар билан «ижтимоий истеъмол нормаси» жорий этилди», — дея эслатди президент.

Тўқаев мамлакатнинг чуқур иқтисодий муаммолари ўнлаб йиллар давомида яшириниб келинганини таъкидлади. Шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаси вайрон бўлган, энергетика иншоотлари ва коммунал тармоқлар эса сезиларли даражада эскирган. Тўпланган муаммолар доимий равишда бюджетдан озиқланадиган ва шошилинч ямоқлар эвазига яшайдиган «коммунал аждаҳо»ни яратди.

Президент Қозоғистон расмийлари «моғорлаб кетган тизимни» тозалашга шошилмаётганини тан олди, чунки бундай мураккаб иш уларга шараф келтирмасди. Бунинг ўрнига ялтир-юлтир дастурларни тайёрлаш ва уларнинг «муваффақиятли» амалга оширилаётгани ҳақида ҳисобот бериш осонроқ эди. Мавжуд воқеликка кўз юмган ҳолда қисқа муддатли натижаларга эришиш давлатга қимматга тушди.

«Агар шахсий рейтингим ҳақида қайғурганимда, ечимни келажак авлод раҳбарларига қолдирган бўлардим. Лекин мен учун амалий натижалар, улар таниш стереотиплардан четга чиқиб кетса ҳам, ими-жимидаги натижалардан анча муҳимроқ», — деди Тўқаев.

У фақат жамоат товарларини адолатли тақсимлаш орқали мамлакат замонавий инфратузилма ва самарали энергия тизимини қура олишини ва иқтисодиёт юқори сифатли ўсиш учун кучли рағбатлантиришга эга бўлишини таъкидлади.

Президент халқаро экспертларнинг Қозоғистон «ўрта даромадлилар тузоғига» тушиб қолганига оид фикрининг асослилигини тан олди.

«Даромадлар бор, баъзан эса анчагина, аммо улар инфляция ва мажбуриятлар — ипотека кредитлари, болалар таълими ва ота-оналарни қўллаб-қувватлашда йўқ бўлиб кетади. Ҳар қандай узилиш, касаллик ёки ишдан кетиш бўлсин, турмуш барқарорлигига путур етказиши мумкин», — деди Тўқаев.

У шунингдек, ижтимоий ташаббусларнинг салбий томонларини ҳам тилга олди. Масалан, пенсия жамғармаларидан фойдаланиш ҳуқуқидан фирибгарлар фойдаланиб қолган, улар стоматологик хизматлар ниқоби остида фонддан 200 миллиард тенгедан (390 миллион доллардан ортиқ) кўпроқ маблағни ўғирлашган. Натижада, ушбу турдаги хизматни дастурдан чиқариб ташлашга тўғри келган.

Тўқаев шунингдек, реал сектор муаммоларига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, бизнес иш ўринлари яратади ва солиқ тўлайди, аммо қиммат кредитлар ва айланма маблағларнинг етишмаслиги уларнинг замонавий технологияларни жорий етишига тўсқинлик қилади. Иқтисодий тузилма жуда секин ўзгармоқда, бу эса халқаро рейтинг агентликлари томонидан бой деб ҳисобланган мамлакатда ички номутаносибликлар сақланиб қолишига олиб келади. Президент бу вазиятни давлат мавжуд ҳаракатлар режаси ёрдамида ҳал қилмоқчи бўлаётган «ўсиш касаллиги» дея таърифлади.

Тўқаев солиқ ислоҳоти масаласига ҳам тўхталиб, уни оддий «фискал кампания» эмас, балки солиқ тизимини қайта ишга тушириш деб атади. Янги Солиқ кодекси асосий эътиборни назоратдан шерикликка ўтказишга қаратилган бўлиб, бу жараённинг барча иштирокчилари — давлат, бизнес ва фуқаролар — ўз мажбуриятларини виждонан бажарадилар. Президент муҳокамалар давомида ҳукумат қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) 20% гача оширишни таклиф қилганини, аммо у бу чегарани тўрт пунктга пасайтиришни буюрганини таъкидлади.

Ўтган йилги натижалар ҳақида гапирар экан, давлат раҳбари Қозоғистон иқтисодиёти 6% дан ортиқ ўсганини таъкидлади. Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 300 миллиард доллардан ошган ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткич 15 000 доллардан кўпайган. Бу нафақат мамлакат, балки бутун минтақа учун рекорд кўрсаткичлардир.

Тўқаев ислоҳотларнинг қайтариб бўлмаслигини 2025 йилнинг асосий натижаси сифатида тилга олди ва 2026 йилни сиёсий модернизация учун ҳал қилувчи дея таърифлади. У ҳокимиятнинг яқин орадаги транзити ҳақидаги миш-мишларни рад этди, олдинда машаққатли меҳнат кутаётганини маълум қилди ва Нурсултон Назарбоевнинг Владимир Путин билан учрашувини Россия раҳбарининг Қозоғистон биринчи президентига бўлган шахсий ҳурмати сифатида таърифлади.

Суҳбатдоши саволларига жавоб бераркан Тўқаев, жумладан, қуйидагиларни айтди:

▪️ халқаро низоларда воситачилик қилиш ёки БМТда яна ишлаш истаги йўқлигини билдирди;

▪️ Парламент ислоҳоти ва Спикер ролини кучайтириш келажакда унинг ўзи мазкур лавозимни эгаллашни кўзлаётганига оид тахминларни рад этди;

▪️ Муддатли ҳарбий хизматчилар армияда ўлаётгани ҳолатини олдини олиш ва қуролли кучларда дедовшина, безорилик, трайбализм ва маҳаллийчилик ҳолатларини йўқ қилишни талаб қилди;

▪️ TikTok ва Instagram одамларнинг когнитив қобилиятларига зарар етказаётганини ва катталарда ўсмирлар менталитетини шакллантираётганини даъво қилиб, ижтимоий тармоқларнинг таъсирини қаттиқ танқид қилди;

▪️ Йўлларда аварияларнинг кўплигини қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб атади;

▪️ Боқибеғам, нафақа талаб қиладиган фуқароларнинг қарамлик кайфиятини қоралади.

Суҳбатни шахсий нотада якунлар экан, Қозоғистон президенти рақамли контентдан кўра, босма газеталарни ўқишни афзал кўришини тан олди ва жисмоний формасини кундалик йога машқлари орқали сақлаб қолаётганини айтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ