Афғонистоннинг Таҳор вилоятидаги Чаҳ-Об тумани аҳолиси ҳудудда олтин қазиб олишга қарши норозилик билдирган ҳолда толиблар* билан тўқнашди. Камида учта намойишчи ва радикал ҳаракатнинг бир аъзоси ҳалок бўлган ва тахминан 20 киши жароҳатланган, деб хабар беради Afghanistan International ўз манбаларига таяниб.
Нашрнинг хабар беришича, Кончилик ва нефть вазирлиги вакили Ҳумаюн Афғон Таҳор вилоятида маҳаллий аҳоли, ҳокимият ва «Толибон» рухсатномалари асосида фаолият юритаётган олтин қазиб олувчи компаниялар раҳбарияти ўртасида тўқнашувлар бўлганини тасдиқлаган. Расмий аниқ рақамларни келтирмасдан, можаро қурбонлар ва молиявий йўқотишларга олиб келганини таъкидлаган. Мулозим воқеа жойига махсус комиссия юборилганини ва кейинчалик унинг иш натижаларини эълон қилишини қўшимча қилган.
Журналистларнинг хабар беришича, Таҳор вилояти аҳолиси олтин қазиб олишни ноқонуний деб ҳисоблайди, чунки толиблар лойиҳаларни амалга ошираётган компаниялар ҳақида батафсил маълумот бермаган. Бундан ташқари, намойишчилар компаниялар фаолияти минтақанинг атроф-муҳитини ёмонлаштираётганига ва сув таъминотида узилишларга олиб келаётганига ишонишади.
Бир кун олдин олтин қазиб олинаётган ҳудудлар яқинида тутун кўтарилгани кузатилган. Хабарларга кўра, фаоллар кончиларнинг ускуналарини ёқиб юборишган. Вазиятнинг кескинлашгани сабабли олтин қазиб олувчи компанияларнинг юқори лавозимли менежерлари вилоятдан қочиб кетишган. Дарвоқе, ОАВ хабарларига кўра, бу компаниялар «Толибон»нинг асосий молиявий ҳомийси ҳисобланган Башар Нурзай томонидан назорат қилинади.
Бундан ташқари, гувоҳларнинг айтишича, маҳаллий аҳоли чекинишни режалаштирмаяпти, шунинг учун намойишчилар ва толиблар ўртасида навбатдаги тўқнашувлар кутилмоқда.
2021 йили радикал ҳаракат ҳокимият тепасига келишидан олдин Афғонистон парламентининг собиқ аъзоси бўлган Насим Модабер, толиблар рухсати илан назоратсиз фойдали қазилмаларнинг қазиб олиниши миллий капитални талон-тарож қилишга тенг, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, сиёсатчининг сўзларига кўра, бизнесменлар билан тузилган шартномалар ноаниқ ва маҳаллий аҳоли манфаатлари эътиборга олинмаяпти.
Афғонистон иқтисоди бўйича эксперт Музаммил Шинвари мамлакатнинг олтин захиралари 300 дан 500 метрик тоннагача, уларнинг қиймати эса ўнлаб миллиардлаб долларни ташкил этишини айтади. Конлар асосан иккита вилоятда — Таҳор ва Бадахшонда жойлашган. Эксперт собиқ ҳукуматдан фарқли ўлароқ, толиблар бундай лойиҳалар ҳақида маълумот бермаётганини танқид остига олади. Шунинг учун қайси компаниялар кончилик билан шуғулланаётгани номаълум ва уларнинг бюджети ёки даромадлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шинвари сўзларига кўра, олтин ва нефть каби табиий ресурсларга бундай ёндашув яқин келажакда уларнинг камайиб кетишига олиб келиши мумкин.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.



