Соловьёв Марказий Осиёни «бизники» деб атади ва Россия таъсир зоналарида МҲО ўтказилиши мумкинлигини инкор қилмади

Владимир Соловьёв. Видеодан кадр

Россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв Марказий Осиёни «бизники» деб атади ва Россиянинг таъсир зоналарида махсус ҳарбий операция (МҲО) ўтказилиши мумкинлигини инкор қилмади. Бу баёнотлар 10 январь куни эфирга узатилган «Соловьев Live» дастурида тилга олинди.

Венесуэладаги АҚШ ҳарбий операцияси ва Трампнинг Гренландияга даъволарини изоҳларкан, Соловьёв Вашингтон халқаро ҳуқуқни менсимаслигини ва хоҳлаган нарсасини тортиб олишини таъкидлади. Бироқ, Москва учун қўшни давлатлардаги вазият Венесуэла ёки Суриядаги воқеалардан муҳимроқ.

«Биз ҳозир Сурия ёки Венесуэла билан шуғулланмаслигимиз керак. Биз ўз позицияларимизни йўқотмаслигимиз лозим, биз учун энг муҳими — яқин хориждаги давлатлардир. Арманистонда содир бўлаётган воқеалар биз учун Венесуэлага қараганда анча оғриқли. Арманистонни йўқотиш — улкан муаммо бўлади. Бизнинг Осиёдаги, Ўрта Осиёдаги, улар айтганидек, Марказий Осиёдаги муаммолар биз учун улкан муаммога айланиши мумкин», — деди Соловьёв.

Унинг сўзларига кўра, Россия «ўз мақсад ва вазифаларини жуда аниқ ифодалаши» ва «ўйинлар тугаганини» тушунтириб қўйиши керак.

«Халқаро ҳуқуқ, халқаро тартибга тупуриш керак. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида ҳарбий операция бошлашимиз лозим бўлган бўлса, нега энди худди шу сабабларга кўра таъсир зонамизнинг бошқа қисмларида МҲО бошламаслигимиз керак экан?», — дея ўртага савол ташлайди телебошловчи.

Соловьёв «миллий доктринамизни шакллантириш ва таъсир зонамизни аниқ баён қилишни» таклиф қилди. Унга кўра, шунда ҳамма нарса тушунарли бўлади.

Соловьёв баёнотларига Марказий Осиё мамлакатларида расмий муносабат билдирилмади. Россиялик телебошловчи сўзларидан Ўзбекистон жамоатчилиги жуда ғазабланди. Жумладан, «Юксалиш» ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов «бундай провокациялар фақат ва фақат қўшниларни душманга айлантиради», дея таъкидлади.

«Замон ўзгарди. Халқлар тақдири телестудиялардаги бақир-чақирлар ёки «катта оғалар»нинг кўрсатмаси билан ҳал қилинадиган даврлар тарих ахлатхонасига кетганига анча бўлди. Сарҳадларимиз — бизнинг ор-номусимиз. Мустақиллигимизга бўлган ҳар қандай таҳдид «итоаткорлик» билан эмас, миллатимизнинг бирдамликдаги қатъий зарбаси билан қарши олинади», — дея огоҳлантирди Бекмуродов.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжа Соловьёв баёнотларини суверен давлатлар объект, чегаралар эса тўсиқ сифатида қараладиган «соф мустамлака тили»нинг намоён бўлиши дея атади.

«Бу—урушни сиёсатнинг мақбул воситаси сифатида нормаллаштиришдир. Украина—прецедентга айланди, Марказий Осиё—овоз чиқариб айтилган хаёллар объекти, «таъсир доираси» эса хавфсизлик ҳақидаги сўзлар ортига яширилган ҳар қандай зўравонликни оқлаш учун универсал баҳонага айланмоқда», — дейди ректор.

У россиялик телебошловчининг сўзлари шунчаки ташвиқот ҳийласи бўлиб, Кремлнинг расмий позициясини акс эттирмаслигига умид билдирди, аммо бундай баёнотлар камдан-кам ҳолларда шунчаки риторика бўлиб қолишини таъкидлади. Қудратхўжанинг сўзларига кўра, «Бизнинг Осиёмиз» формуласи ва халқаро ҳуқуқни эътиборсиз қолдиришга чақириқлар урушни мақбул сиёсий восита сифатида нормаллаштиришга уринишни кўрсатади, бу ерда «таъсир зонаси» тушунчаси зўравонлик учун универсал асосга айланади.

  • Туркманлар аждодлари ва рус князлари кимга қарши иттифоқ тузганлари ҳақида

  • Нима учун хитойликлар билан муносабат қилиш қийин, гарчи дастлаб осондек туюлган бўлсада? Мавзу шу ҳақда

  • Марказий Осиёнинг жанглар майдонига айлангани ҳақида

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар