Қозоғистонда «Самрук-Қазина» миллий холдинг бошқарувида нейрон тармоғи иштироки ноқонуний деб топилди

«Самрук-Қазина» фонди матбуот хизмати фотосурати

«Самрук-Қазина» Миллий фаровонлик фонди директорлар кенгаши аъзоси этиб сунъий интеллект (СИ) тизимини тайинлаш Қозоғистон қонунларига зиддир. Бу ҳақда Қозоғистон Миноритар акциядорлар ассоциацияси (QAMS) Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлигининг жавобига таяниб хабар берди.

QAMS ўтган кузда «Самрук-Қазина» SKAI нейрон тармоғини мустақил бошқарув аъзоси этиб тайинлаганини эълон қилганидан сўнг, давлат регуляторига тушунтириш бериш учун мурожаат қилди.

Агентлик ўз жавобида «Акциядорлик жамиятлари тўғрисида»ги қонуннинг 54-моддаси 1-бандига мувофиқ, фақат жисмоний шахс бошқарув аъзоси бўлиши мумкинлигини эслатди.

«Ушбу қоида мажбурийдир ва мулкчилик шаклидан, акциядорлар таркибидан ёки давлат иштирокидан қатъи назар, барча акциядорлик жамиятларига бир хилда қўлланилади», — дейилади ассоциация томонидан чоп этилган агентлик жавобида.

Регулятор шунингдек, фонднинг корпоратив бошқарув кодексида сунъий интеллектдан фойдаланишга оид қоидалар йўқлигини ва «мустақил директор мақоми шахснинг профессионал фикр юритишини, шахсий ва ишончли жавобгарликка эга бўлишини, мустақиллик ва манфаатлар тўқнашувининг йўқлиги учун белгиланган мезонларга жавоб беришини назарда тутишини» таъкидлади.

SKAI қозоқ тили модели асосида ташкил этилган ва фонднинг расмий сайтида топ-менежерлар қаторига киритилган. Хабар қилинишича, у «Самрук-Қазина»нинг ички ва ташқи меъёрий ҳужжатларини, 2008 йилдан бери бошқарув қарорларини ва фонд ташкил этилганидан бери тўпланган бошқа материалларни таҳлил қилиб, унинг раҳбариятига «янада мулоҳазали ва асосли қарорлар қабул қилишга» ёрдам беради.

2025 йил октябрь ойида нейрон тармоғи Бош вазир Олжас Бектенов иштирок этган бошқарув кенгаши йиғилишида иштирок этганди.

«Самрук-Қазина» Миллий фаровонлик фонди 2008 йили президент фармони билан ташкил этилган (ўша пайтда Нурсултон Назарбоев томонидан бошқарилган). Ушбу тузилма асосан барча миллий компанияларни бошқаради ва инқироз даврида уларни давлат бюджетидан субсидиялайди. Фонднинг ягона акциядори Қозоғистон ҳукумати ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ