Қозоғистонда Coca-Colaнинг тўртинчи заводи қурилиши шу йил баҳорда бошланади

ru.freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Coca-Cola Içecek Kazakhstan ўртасида мамлакат ғарбидаги Ақтобе шаҳрида компаниянинг тўртинчи заводини қуриш бўйича инвестиция шартномаси имзоланди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Лойиҳага йўналтириладиган умумий инвестиция 41,9 миллиард тенге (83 миллион доллар) ни ташкил этади ва янги заводнинг қуввати йилига 280 миллион литргача алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқаришни ташкил этади. Янги завод халқаро экологик стандартларга мувофиқ ишлайди ва унда чиқиндиларни бошқариш тизимини жорий этилади. Қурилиш шу йилнинг апрель ойида бошланиши режалаштирилган.

Туркиянинг Coca-Cola Içecek компанияси Туркия, Покистон, Қозоғистон, Ироқ, Ўзбекистон, Бангладеш, Озарбайжон, Қирғизистон, Иордания, Тожикистон, Туркманистон ва Сурияда Coca-Cola брэнди остида ичимликлар ишлаб чиқаради ва сотади. Компания Қозоғистонда 1994 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда ва мамлакат иқтисодиётига 106 миллиард тенге (210 миллион доллар) дан ортиқ сармоя киритган.

Янги ишлаб чиқариш мажмуаси Coca-Cola Içecek компаниясининг Қозоғистондаги тўртинчи заводи бўлади. Компания аввалги заводини 2024 йили Чимкентда қурган. Шунингдек, унинг Олмаота ва Остона шаҳарларида ҳам заводлари бор.

Coca-Cola Içecek Kazakhstan бош директори Вели Динчел шартнома имзоланиши компаниянинг мамлакатга узоқ муддатли инвестициялар киритишга содиқлигини тасдиқлашини таъкидлайди. «Қозоғистон биз учун юқори ўсиш салоҳиятига эга стратегик бозор бўлиб қолмоқда», — дейди у.

Янги заводнинг яқинда қурилиши ўтган йили эълон қилинганди. Ўшанда янги завод 120 дан ортиқ иш ўринларини яратиши ҳақида хабар берилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ