Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси Ўзбекистондаги кичик атом электр станциясида (КАЭС) «нафақат станция ҳузурида атом шаҳри, балки атом кластери»ни яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда корпорация бош директори Алексей Лихачев маълум қилди.
«[Биз] бироз инновацион ёндашувни қўлладик: Ўзбекистон раҳбариятига нафақат атомчилар шаҳрини, балки ядро тиббиёти, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва материалшуносликни ҳам қамраб олувчи атом кластерини барпо этишни таклиф қилдик. Табиийки, бизнинг асосий илмий ташкилотимиз бўлган Курчатов институти ҳам бу ишга қўшилди», — деди Лихачев «Россия-24» телеканалига берган интервьюсида.
Корпорация бош директори мазкур мажмуа «ўзининг рақамли саноати, рақамли ечимлари ва маълумотларни қайта ишлаш маркази»ни талаб қилишини қўшимча қилди.
«Шундай қилиб, биз нафақат фаолият юритувчи ташкилот учун шаҳарча яратиш, балки келгуси ўн йилликларда 20-30 минг ходим истиқомат қилиши режалаштирилган бутун инновацион атом, ядро кластерини яратиш ҳақида сўз юритишимиз мумкин», — деди Лихачев.
27 январь куни «Росатом» бош директори Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Учрашувда мамлакатда атом электр станциясини қуриш ва ядро соҳасидаги ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари муҳокама қилинди. Лихачев президентга ишлар жадал ва жадвалга тўлиқ мувофиқ давом этаётганини маълум қилди.
«Қурилиш майдонида ишлар жадал давом этмоқда: биринчи кам қувватли энергия блоки учун чуқур қазиш ишлари 2025 йил октябрь ойида бошланган. Бу йилги асосий мақсад ядро ороллари биноларининг пойдевор плитаси учун бетон қуйишни бошлашдир. Белгиланган муддатларга риоя қилиш муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, биз шу баҳорда бетон ишларини бошлашни мақсад қилганмиз», — деди Лихачев.
ℹ️ Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергетикаси соҳасида, жумладан, Ўзбекистоннинг биринчи АЭС қурилиши бўйича ҳамкорлик шартномаси 2017 йил декабрь ойида имзоланган эди. 11 миллиард долларга тенг биринчи энергия блоки 2028 йили ишга туширилиши режалаштирилган эди. Ўшанда АЭС мажмуаси ҳар бири 1200 МВт қувватга эга иккита энергия блокидан иборат бўлиши тахмин қилинганди.
Кейинчалик кичик атом электр станциясини қуриш ва ундан бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. КАЭСни лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича «Росатом» билан янги шартнома 2024 йил 27 май куни Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи давомида Тошкентда имзоланди. Станция Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Тузкон кўли яқинида қурилади.
Лихачевнинг сўзларига кўра, битта майдонда катта ва кичик қувватларни уйғунлаштириш ноёб ҳодисадир: «Дунёда бундай нарса йўқ ва шу маънода бизнинг Ўзбекистон лойиҳамиз глобал кўргазмага айланади».



