Россия Тергов қўмитаси қозоғистонлик судянинг ўлдирилишига оид тергов ишларини бошлади

Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Россия Тергов қўмитаси Германияда собиқ судя ва қозоғистонлик фуқаро Айгул Сайлибаеванинг ўлдирилишига оид тергов ишларини бошлади. Терговга қотилликда иштирок этганлар Москвада яшириниб юрган бўлиши мумкинлигига оид федерал телевидение сюжети сабаб бўлган, деб хабар беради Тергов қўмитаси матбуот хизмати.

Гап Германияда жиноят иши қўзғатилганидан сўнг Россия пойтахтига кўчиб ўтган марҳуманинг қайнонаси ва собиқ эри ҳақида бормоқда. Шу муносабат билан марҳуманинг ота-онаси терговни бошлаган Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Иванович Бастрикинга мурожаат қилган.

«Россия Тергов қўмитаси раиси А.И. Бастрикин Россия Тергов қўмитасининг Москва бўйича Бош тергов бошқармаси бошлиғи Д.В. Беляевга процессуал терговнинг бориши ҳақида ҳисобот беришни буюрди. Ушбу буйруқнинг бажарилиши қўмитанинг марказий аппарати томонидан назоратга олинган», — дейилади Тергов қўмитаси хабарида.

Айгул Сайлибаева 2024 йил июнь ойи бошида бедарак йўқолган. Тахминан икки ҳафта ўтгач, унинг жасади Германиянинг Бенсхайм шаҳри чеккасида пластик пакетда топилган. Терговчиларнинг сўзларига кўра, жасадда кўплаб пичоқдан олинган жароҳат излари бўлган.

Қозоғистонлик адвокат Жанна Уразбахованинг сўзларига кўра, аёл ўлим арафасида 24 ҳафталик ҳомиладор бўлган. Адковат сўзларига кўра, қотиллик ўта шафқтсизлик билан содир этилган.

Германия ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълумотларига кўра, Сайлибаева эрининг онаси Наталья Донцова асосий гумондор сифатида тан олинган. Хабарларга кўра, у Айгул йўқолган куни мамлакатни тарк этган. 2025 йил 10 декабрда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Наталья Донцова ва унинг ўғли Александр Донцовни қидирувга берган.