Қозоғистоннинг янги Конституцияси лойиҳасида рус тилига оид бандга ўзгартириш киритилди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг янги Конституцияси лойиҳасидаги давлат тили ҳақидаги моддада битта сўз ўзгартирилди. Бу ҳақда 9 февраль куни Республика Конституциявий суди раисининг ўринбосари Бакит Нурмуханов маълум қилди деб хабар беради Bes.media.

«9-моддада «тең» (тенг) сўзига аниқлик киритилди ва у «қатар» (қатори) сўзи билан алмаштирилди», — деди Нурмуханов Конституциявий комиссия йиғилишида.

Январь ойи охирида эълон қилинган лойиҳадаги 9-модда «тил масаласига» бағишланган. Унда, хусусан, Қозоғистонда давлат тили қозоқ тили экани айтилган. Давлат ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимият органларида рус тили расман қозоқ тили қаторида қўлланилади. Ушбу сўз амалдаги конституциядан кўчирилган бўлиб, унда тил масаласи 7-моддада ёритилган. Бироқ, энди уни ўзгартиришга қарор қилинди.

Шуни таъкидлаш жоиз, аксарият Россия оммавий ахборот воситалари бу янгиликка жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишди. ТАСС давлат ахборот агентлиги, таклиф қилинган тузатишларга қарамай, рус тили Қозоғистонда расмий мақомини сақлаб қолишини хабар қилди. Sputnik.kz (Россиянинг Sputnik ахборот агентлигининг қозоқ бўлими), ўз навбатида, Ожеговнинг луғатида «наряду» ва «наравне» сўзлари синоним эканини таъкидлади. Шу билан бирга, «Московский комсомолец» газетаси ушбу янгиликни «Қозоғистон рус тилини яширинча «пасайтирди» сарлавҳаси остида чоп этди ва янги Конституция лойиҳаси «рус тили мақомида нозик, аммо фундаментал ўзгариш юз берди, бу унинг расмий соҳадаги мавқеини тубдан ўзгартиради» деб таъкидлади.

Қозоғистонда конституциявий ислоҳотни президент Қосим-Жомарт Тўқаев илгари сурди. Асосий қонун мазмуни 80% дан ортиққа янгиланиши режалаштирилган.