Ўзбекистонда табиий газ учун иситиш мавсумида (ноябрь-февраль) белгиланган базавий меъёр 15 мартгача узайтирилди. Ушбу қарор совуқ об-ҳаво яқинлашиб келаётгани сабабли қабул қилинди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Вазирлик таъкидлашича, совуқ ҳаво массаси мамлакат ҳудудига кириши эҳтимоли туфайли иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метр базавий меъёр барча ҳудудларда жорий йилнинг 15 мартига қадар узайтирилади.
«15 мартдан кейин эса об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, зарур бўлса, қўшимча чоралар кўрилади», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.
Ўтган йили ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берганди, ўшанда куз-қиш мавсуми учун «зангори олов»нинг базавий меъёри 1 апрелгача узайтирилганди.
Иситиш мавсумидан ташқари пайтда базавий меъъёр ойига 100 кубометргача газни ташкил этади. Бунда истеъмол учун ҳар кубометр учун 1000 сўм (0,082 доллар) миқдорида тариф қўлланилади. Агар хонадон 101 дан 2500 кубометргача истеъмол қилса, ставка 1800 сўм (0,15 доллар) гача кўтарилади. Тизимдаги энг юқори тариф ойлик истеъмоли 10 000 кубометрдан ошганда ҳар кубометри учун 3000 сўм (0,25 доллар) дан тўланади.
ℹ️ Ўзбекистонда энергия ресурслари тарифлари бир неча йилдан бери ошиб бормоқда. Нархнинг сўнгги ўсиши 2025 йил 1 майда содир бўлди. Электр энергиясининг базавий нархи учдан бир қисмга, киловатт-соат учун 600 сўм (0,049 доллар) гача ошди. Газ нархи 53,8% га ошди ва ҳар кубометр учун 1000 сўм (0,082 доллар) ни ташкил этди.
Расмий маълумотларга кўра, 2026 йилдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ тарифлари ҳар йили, 1 майдан бошлаб инфляция даражасида, лекин 10% дан ошмаган миқдорда оширилади. Илгари истеъмолчилар учун ресурслар нархини музлатиш ва уни камида уч йил давомида ўзгаришсиз қолдириш режаси бор эди.



