Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Эронга қилинган ҳужумлар сабабини тушунтириб берди

Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг. Видеодан кадр

Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гидеон Лустиг эрта эмас, кеч эмас, нега айнан ҳозир Исроил ва АҚШ Эронга қарши ҳарбий операцияларнинг фаол босқичига ўтганини тушунтириб берди. Бу ҳақда «Подробно.uz» хабар беради.

Тошкентда журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда дипломат Ўзбекистон медиа маконида асосан оператив хроникалар – «ким қаерда зарба бергани» ёритилаётгани, бунинг сабабларига оид чуқур таҳлиллар сояда қолаётганини таъкидлади.

«Менимча, барчани ўйлантираётган асосий савол — бу Яқин Шарқдаги барча воқеалар нима учун ҳозир бошлангани», — деди Лустиг.

Элчи операция вақтини белгиловчи тўртта асосий омилни айтиб ўтди:

▪️ Эроннинг баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни тезлаштиргани;

▪️ ҳарбий инфратузилмалар чуқур ер ости бункерларига ўтказилгани;

▪️ уранни 60% гача бойитиш давом эттирилгани;

▪️ хулоса: келажакда Эрон ҳарбий салоҳиятини зарарсизлантириш анчагина мушкул бўлади.

Исроил томони, Лустигнинг сўзларига кўра, ўз ҳаракатларини тажовузкорлик ҳаракати сифатида эмас, балки хавф олдини олиш чораси сифатида кўради. Элчи операция мақсадини экзистенциал таҳдидни — Исроил давлати мавжудлигига таҳдидни йўқ қилиш деб таърифлади.

Лустигнинг таъкидлашича, жорий операция Исроил ва Қўшма Штатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари бўлиб, уларнинг ҳамкорлиги ҳарбий ва сиёсий соҳада «мисли кўрилмаган даражада». Шу билан бирга, дипломат икки иттифоқчи позициясини фарқлайди.

«Биз Эрон томонидан доимий таҳдид остидамиз. Эрон раҳбарияти ўн йиллар давомида Исроилни йўқ қилиш ниятини очиқчасига айтиб келади», — деб эслатади Лустиг.

Эрон таҳдиди тузилмаси ҳақида гапираркан, Лустиг Исроил томонига кўра, Теҳрон ҳарбий стратегияни қураётган учта йўналишни айтиб ўтди: ядровий дастур, баллистик ракеталар дастурини ишлаб чиқиш ва минтақадаги қуролли ташкилотларни қўллаб-қувватлаш.

Элчи ракета дастурига алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, баллистик ракеталар фақат вайронкор воситаларни етказиб бериш учун ишлаб чиқилади ва бошқа мақсадга эга эмас.

«Уларнинг мақсади Исроилнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ортиқча юклаш ва инфратузилмамизга катта зарба беришдир», — деб тушунтирди дипломат.

Исроил томони ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги бир йил ичида Эрон узоқ масофали ракеталар ишлаб чиқаришни сезиларли даражада тезлаштирган. Шу билан бирга, Эрон томони ҳарбий объектларни чуқур ер ости бошпаналарига фаол кўчирмоқда.

«Ўтган йилги воқеалар уларни қуролларини яширишга ўргатди», — деди дипломат.

Айнан инфратузиллармани ер ости жойлаштириш зудлик билан ҳаракат қилиш фойдасига ҳал қилувчи далиллардан бирига айланди.

«Агар биз ҳозир чора кўрмасак, улар яқин келажакда иммунитетга эга бўлиб, уларнинг имкониятларини йўқ қилиш анча қийин бўладиган даражага етиши мумкин эди», — деб таъкидлади Лустиг.

Ядро дастурига келсак, элчи Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) раҳбариятининг Эронда катта миқдорда юқори даражада бойитилган уран мавжудлиги ҳақидаги баёнотларига ишора қилди. Лустигнинг сўзларига кўра, ўтган йили объектларга қилинган ҳужумларга қарамай, Теҳрон ядровий инфратузилмани ривожлантиришдан воз кечмаган ва уранни фаол бойитишда давом этган.

Люстиг шунингдек, қатор жаҳон етакчиларининг мужассамлашган позициясини келтириб ўтди.

«Бош вазиримиз Бенямин Нетаняху, Европа етакчилари ва АҚШ президенти айтганидек, Эрон ҳеч қачон ядро қуролига ега бўлмаслиги керак», — дея таъкидлади дипломат.

Дипломат нутқининг асосий тезисини «имкониятлар туйнуги» тушунчаси орқали шакллантирди.

«Бу қийин қарор эди. Бироқ Исроил раҳбарияти ҳаракатсизлик янада жиддий оқибатларга олиб келади деган хулосага келди. Аввалги барча саъй-ҳаракатлар муваффақияцизликка учради ва бу режим қурол дастурларини ишлаб чиқишда давом этди. Агар ҳозир ҳаракат қилмасак, кеч бўлиши бизга аён эди», — деди дипломат.

Шу билан бирга, Лустигнинг алоҳида таъкидлашича, операция Исроил томонидан «чексиз тўқнашув» дея кўрилмайди — гап чексиз ҳарбий ҳаракат ҳақида эмас, балки аниқ мақсад ҳақида кетмоқда.

ℹ️ 28 февраль куни Исроил қуролли кучлари Эрондаги ҳарбий объектларга ҳужум қилди. Мамлакат мудофаа вазири Исраэль Кац операцияни расман тасдиқлаб, буни хавф олдини олиш чораси дея атади. Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг Исроил ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Шу куни АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини расман тасдиқлади. У ўз мақсадини «мавжуд таҳдид»ни бартараф этиш ва Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш деб атади.

Исроил-АҚШ ҳамкорликдаги операциясидан сўнг Теҳрон нафақат Исроил, балки қўшни араб давлатларига ҳам таъсир кўрсатган йирик жавоб ҳужумини бошлади. 1 март куни Эрон АҚШ ва Исроилнинг зарбалари натижасида мамлакат олий раҳбари Али Хоманаий ўлганини расман тан олди.

Минтақадаги вазиятнинг кескинлашуви фонида турли давлатлар, жумладан, Марказий Осиё республикалари ҳукуматлари ўз фуқароларини у ердан эвакуация қила бошлади.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

  • Тошкентда Чори Шамснинг «Туркий халқларнинг хаёлий мавжудотлари» кўргазмаси очилди