Яқинда бўлиб ўтган кенг кўламли EFES-2026 ўқув машқларидан сўнг Туркия расмийларининг баёнотлари Анқара ва Тошкент ўртасидаги ҳарбий мулоқот, жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Метин Гурак ўртасида апрель ойи бўлиб ўтган учрашув мазмунига аниқлик киритди. Туркиянинг Sabah газетасига кўра, Туркия Миллий мудофаа вазири Яшар Гулер Анқара қуролли кучларни ислоҳ қилишда ёрдам бериш учун Ўзбекистонга ҳарбий маслаҳат гуруҳини юборганини айтди.
Гулернинг сўзларига кўра, «дўст ва қардош давлатлар» Туркия андозасида ҳарбий тузилмалар яратишдан манфаатдор ва Ўзбекистон ҳам шу давлатлардан бири ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, илгари Озарбайжонда бўлгани каби, Ўзбекистонга бир гуруҳ ҳарбий маслаҳатчилар юборилган.
Бу баёнотлар 2026 йил 23 апрелда Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар мазмунига аниқлик киритади, бу ҳақда илгари тафсилотларсиз хабар берилган эди. Гуракнинг ташрифи, афтидан, илгари тузилган ҳарбий ҳамкорлик шартномаларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган. 2026 йил январь ойида Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирлари қўшма ўқув машқлари, шахсий таркибни тайёрлаш ва ҳарбий тиббий ҳамкорликни ривожлантиришни ўз ичига олган ҳамкорлик режасини имзолагандилар.
Туркия Ўзбекистонда жорий этаётган модел аллақачон Озарбайжонда синовдан ўтган, у ерда 2021 йили Шуша декларацияси имзолангандан сўнг ҳарбий ҳамкорлик тизимли тус олганди. Ушбу ҳужжат ҳарбий интеграция элементлари ва ўзаро қўллаб-қувватлаш мажбуриятларини ўз ичига олган иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлайди. Ушбу ҳамкорлик доирасида Боку ўз армиясини Туркия стандартларига мувофиқ модернизация қилди, қўшма машқлар сонини кўпайтирди ва мудофаа саноатида, жумладан, Bayraktar дронларидан фойдаланишда яқин ҳамкорликни ўрнатди.
▫️Ушбу моделнинг Ўзбекистонда қўлланиши Анқаранинг Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтириш ва ўзини туркий дунёда ҳарбий технологиялар, ташкилий ечимлар ва стандартларнинг асосий экспортчиси сифатида намоён этиш истагини кўрсатади.



