Тожикистон миллий футбол терма жамоаси македониялик мураббий қўл остидаги илк ўйинида ғалаба қозонди

Тожикистон-Ҳиндистон ўйинидан лавҳа. ТФФ фотосурати

6 июнь куни Тожикистон миллий футбол терма жамоаси македониялик мураббий Игор Ангеловский қўл остидаги биринчи ўйинида ғалаба қозонди ва ўртоқлик ўйинида Ҳиндистонни 3:1 ҳисобида мағлуб этди.

Ангеловский шу йил апрель ойи охирида Тожикистон терма жамоасини қабул қилган. У 2027 йилги Осиё Кубоги саралаш босқичини муваффақиятли якунлаганидан сўнг жамоани тарк этган сербиялик Горан Стевановичнинг ўрнини эгаллади.

Жамоа узоқ вақтдан бери биринчи марта Турсунзодадаги «ТАЛКО Арена»да ўйнади.

Мезбонлар тезда устунликка эришдилар. 9-дақиқада Шериддин Бобоев Эҳсони Панжшанбе томонидан қўлга киритилган пенальтини голга айлантирди. Танаффусдан сўнг мезбонлар ҳужумда давом этишди. Меҳрубон Каримов 62-дақиқада гол урди, олти дақиқадан сўнг эса Панжшанбе ҳисобни янада оширди. Ҳиндистон фақат сўнгги дақиқаларда жавоб қайтарди: Фарух Чоудҳари 89-дақиқада жарима зарбасини аниқ амалга оширди.

Ўйиндан олдин Ангеловский Ҳиндистонга қарши серияда жамоадан фидойилик, интизом ва сифатли ўйин кўришни кутаётганини айтди. Мураббий шунингдек, миллий терма жамоа учун мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши муҳимлигини таъкидлаган.

Тожикистон ва Ҳиндистон ўртасидаги иккинчи ўртоқлик ўйини 9 июнь куни Ҳисор марказий стадионида бўлиб ўтади.

Ҳиндистонга қарши ўйинлар Тожикистоннинг 7 январдан 5 февралгача Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган 2027 йилги Осиё Кубогига тайёргарлик доирасида амалга оширилади. Гуруҳ босқичида Тожикистон терма жамоаси Австралия, Ироқ ва Сингапур билан тўқнаш келади.

Игор Ангеловский Шимолий Македония терма жамоасидаги фаолияти билан машҳур. 2020 йилда у уларни биринчи марта Европа чемпионатига олиб чиққанди. Македонияликлар турнирга тўғридан-тўғри саралаш гуруҳидан эмас, балки Миллатлар Лигаси плей-офф босқичи орқали Грузияни мағлуб этиб, йўллланмани қўлга киритишганди. Евро чемпионатининг ўзида жамоа ўз гуруҳидаги учта ўйиннинг барчасида — Австрия, Украина ва Нидерландияга ютқазган. Нидерландияга қарши мағлубиятдан сўнг, Ангеловский бу унинг бош мураббий сифатидаги сўнгги матбуот анжумани эканини, чунки унинг шартномаси тугаши ва у энди миллий терма жамоани бошқармаслигини айтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ