Қоҳирада Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти бўлиб ўтди

Марказ тақдимоти. ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Мисрнинг Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар қилди.

Тадбир 13 июнь куни Жизадаги пирамидалар этакларида жойлашган дунёнинг энг йирик музей мажмуаси — Grand Egyptian Museumда ташкил этилди.

Тақдимот «Ўзбекистон – Миср: цивилизациялар ва исломий мерос мулоқоти» медиа-тадбири доирасида ўтказилди. Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан ташкил этилди

Тадбир қатнашчиларига Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм намойиш этилди. Шундан сўнг марказ директори Фирдавс Абдухаликов маъруза қилди.

У ўз нутқида Ўзбекистон Мисрнинг илмий, таълим ва маданий муассасалари билан умумий тарихий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

«Ўзбекистон ва Мисрни илм-фан, маърифат ва маънавиятнинг кўп асрлик анъаналари боғлаб туради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази бугун ислом оламининг бой меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича нуфузли халқаро майдонга айланди. Биз Мисрнинг илмий, таълим ва маданият муассасалари билан умумий тарихий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштириш йўлида кенг халқаро ҳамкорликка тайёрмиз», — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Тақдимот доирасида Бен Кингсли иштирокида суратга олинган ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди. Унда Мовароуннаҳр олимлари ва мутафаккирларининг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган ҳиссаси ёритилган. Шунингдек, қатнашчиларга Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги тарихий ҳамда замонавий алоқалар ҳақида видеоролик тақдим этилди.

Тадбирда қутлов нутқлари билан Бахтиёр Саидов, Шериф Фатҳи, Жиҳан Заки, Аҳмад Ғунайм, шунингдек Ал-Азҳар университети, ICESCO, Миср Вақфлар вазирлиги ҳамда илмий-музей соҳаси вакиллари иштирок этдилар.

Нотиқлар ўз чиқишларида Ўзбекистон ва Мисрнинг ислом цивилизацияси тарихидаги алоҳида ўрнини таъкидлаб, Мовароуннаҳр ва Қоҳира илмий мактаблари ўртасидаги кўп асрлик алоқаларга эътибор қаратдилар. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий каби буюк алломалар меросига алоҳида урғу берилди. Уларнинг асарлари асрлар давомида ислом оламининг энг йирик таълим марказларида, жумладан Ал-Азҳарда ҳам ўрганиб келинмоқда.

Миср туризм ва қадимиятлар вазири Шериф Фатҳий Ўзбекистон улкан маданий меросга эга эканини ва ислом маданияти тарихида алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.

«Мен мамлакатингизнинг бир нечта гўзал шаҳарларида бўлиш бахтига муяссар бўлганман ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш имкониятини катта қизиқиш билан кутмоқдаман», — деди Фатҳий.

Дастурнинг муҳим қисмларидан бири «Ўзбекистон маданий мероси — бутун инсоният бойлиги» кўргазмаси бўлди. Экспозицияда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан нашр этилган кўп жилдли китоб-альбомлар, ноёб исломий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари, ислом санъати ва шарқ миниатюраси намуналари, шунингдек, Усмон мусҳафи ҳамда Мовароуннаҳр қўлёзма меросининг буюк ёдгорликларига бағишланган мультимедиа лойиҳалари намойиш этилди.

Шунингдек, Grand Egyptian Museumга «Ўзбекистон маданий мероси» китоб-альбомлар туркумининг тўплами совға қилинди. Маросим давомида музей раҳбариятига мазкур нашрларнинг дунёдаги энг йирик музей мажмуаларидан бири илмий-таълим фондига топширилганини тасдиқловчи расмий сертификат тақдим этилди.

Тадбир доирасида 2026 йил 7–11 июль кунлари Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» номли биринчи халқаро форумга тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Миср олимлари, тадқиқотчилари, музей ходимлари ва академик муассасалар вакиллари форумга таклиф этилди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда