Албания Президенти Байрам Бегай Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Албания раҳбарига унинг рафиқаси Арманд Бегай ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ҳамроҳлик қилди.
Меҳмонларни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди. У мажмуанинг концепцияси, экспонатлари, илмий ва таълим фаолияти ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш режалари ҳақида сўзлаб берди.
Байрам Бегай Ислом цивилизацияси марказининг меъморий кўриниши ва асосий экспозициялари билан танишди. Албания президенти ушбу кўламдаги маданий-маърифий мажмуани илк бор кўраётганини таъкидлади. Кўрик “Буюк шахслар галереяси”дан бошланди. Албания делегацияси учун интерактив панеллар, мультимедиа технологиялари ҳамда маълумотларни бир неча тилда олиш имконияти алоҳида қизиқиш уйғотди.
Меҳмонлар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги исломгача бўлган цивилизациялар ҳақидаги экспозициялар билан ҳам танишдилар. Уларда қадимий давлатчилик, Бақтрия ва Сўғд цивилизациялари, Кампиртепа археологик ёдгорлиги ҳамда минтақанинг тарихида Буюк ипак йўлининг роли ҳақидаги материаллар намойиш этилди.
Биринчи ва Иккинчи Ренессансга бағишланган бўлимларда делегацияга Магоки Аттори масжиди, Салжуқийлар даврига оид зеб-зийнат намуналари, Амир Темур давридаги шахмат доналари, миниатюралар, Соҳибқирон ҳақидаги Европа манбалари ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонасининг модели тақдим этилди.
Меҳмонлар эътиборини Каъбанинг муқаддас қопламаси — кисва намуналари, ноёб қўлёзмалар, каллиграфик асарлар ҳамда Қуръони Карим оятлари битилган тарихий кийимлар тортди.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мен учун катта мамнуният бўлди. Президентингизнинг узоқни кўзлаган ташаббуси ва қарашлари натижасида барпо этилган ушбу муҳташам марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун бебаҳо хазинадир. Бу ерга кўплаб меҳмонлар ва сайёҳлар ташриф буюради. Энг муҳими, ёш авлод шу ерда мамлакатингизнинг бой тарихи ва цивилизацион мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади» — деди Албания Президенти.
V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида Албания президенти ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, форумда иштирок этиш унинг учун муҳим тажриба бўлган, шунингдек, ушбу майдон янги ҳамкорларни топиш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ташриф давомида меҳмонлар «Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори» экспозицияси, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари билан ҳам танишди.
Қуръони карим залида намойиш этилган мэппинг-шоу, нодир қўлёзмалар ва ҳазрати Усмон мусҳафи тарихи ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ташриф якунида Фирдавс Абдухаликов Ўзбекистон ва Албания ўртасида илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат олимлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда албан тадқиқотчиларини Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига жалб этиш режалари ҳақида гапириб берди.
Байрам Бегай бу ташаббусларни юқори баҳолаб, Марказ фаолияти Ўзбекистоннинг бой тарихи ва цивилизацион меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



