Қозоғистон армиясида оғир жароҳат оқибатида муддатли ҳарбий хизматчи вафот этди

Instagram/erbayan2024 фотосурати

Қозоғистонда муддатли ҳарбий хизматчи Ербаян Мухтар вафот этди. У Миллий гвардия ҳарбий қисмида олган оғир жароҳатидан сўнг икки ярим йил давомида ҳаёти учун курашиб келаётган эди. Бу ҳақда унинг оиласи адвокати Инга Иманбай маълум қилди.

«Афсуски, бугун Ербаяннинг юраги уришдан тўхтаганини билдик. Ербаян сўнгги икки йил давомида ҳаёти учун курашар экан, минглаб аскарларнинг тақдирига таъсир кўрсатди. Унинг тарихи орқали армиядаги кўплаб муаммолар очиқ муҳокама қилина бошланди. Баъзан бир инсоннинг тақдири бутун бир тизимни ўзгартиришга туртки бўлади. Ербаян ана шундай фуқаролардан бири бўлди. Шунинг учун ҳам биз уни нафақат оғир қисмат эгаси, балки армияда хавфсизлик учун кураш рамзи сифатида ҳам эслаймиз», — деб ёзади Иманбай ўзининг Facebook саҳифасида.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, шифокорлар қарийб уч йил давомида ёш йигитнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашган. Бироқ, у олган оғир жароҳатлар бош мияда қайтариб бўлмайдиган ўзгаришларга олиб келган. Вазирлик маълумотларига кўра, Мухтар доимий вегетатив ҳолатда бўлган. 2026 йил июнь ойида унда инфекцион асоратлар, сепсис ҳамда кўп аъзолар етишмовчилиги синдроми ривожланган.

Ербаян Мухтар Олмаота шаҳрида жойлашган Миллий гвардиянинг 5571-сонли ҳарбий қисмида хизмат қилган. 2023 йил декабрь ойида у оғир бош-мия жароҳатини олган ва шундан кейин комага тушиб қолган. Унинг қариндошларига ёш йигит гўёки ҳожатхонада сирпаниб кетиб, бошини кафелга ургани айтилган.

Бироқ, шифохонага ётқизилганида шифокорлар унда бош миянинг оғир лат ейиши, ўткир субдурал гематома, энса суягининг синиши ҳамда бошқа қатор жиддий жароҳатларни аниқлаган. Олган жароҳатлари оқибатида аскарнинг бош миясининг бир қисми олиб ташланган. Шундан сўнг у меҳнатга ва мустақил ҳаёт кечиришга лаёқатсиз ҳолатга тушиб қолган ҳамда доимий парваришга муҳтож бўлган. Ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган бўлса-да, икки ярим йил давомида тергов якунига етказилмаган. Шунингдек, мазкур иш бўйича ҳозиргача гумондорлар аниқланмаган.

Мухтар тарихи кенг жамоатчилик эътиборини тортгач, қозоғистонликлар уни даволаш ва реабилитация қилиш учун қарийб 230 миллион тенге (470 минг доллар) маблағ йиғишган. Даволаниш жараёнининг бир қисми Туркияда ҳам ўтган.

Жорий йил май ойи охирида Ербаяннинг аҳволи яна оғирлашгани ва уни реанимация бўлимига ўтказишгани хабар қилинган эди.

Ербаян Мухтарнинг тарихи сўнгги йилларда Қозоғистон армиясида юз бераётган кўплаб фожиали воқеалардан бири бўлиб қолди. Ҳукумат томонидан ислоҳотлар ва назоратни кучайтириш ҳақида баёнотлар берилганига қарамай, бундай ҳолатлар ҳамон кузатилмоқда. Жабрланган ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари эса ҳанузгача аниқ жавоблар ва холис тергов натижаларини талаб қилишмоқда.