Собиқ икки вазн тоифасида жаҳоннинг мутлақ чемпиони америкалик Эвандер Холифилд Қирғизистонда ўзининг бокс академиясини очиш ниятида. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Холифилд махсус меҳмон сифатида Бишкекда 3 июль куни бўлиб ўтадиган бокс оқшомига ташриф буюради. Машҳур спортчи Қирғизистонни бой бокс анъаналарига эга, кучли спортчилар етишиб чиқадиган ва профессионал спортни ривожлантириш салоҳияти юқори бўлган мамлакат сифатида кўриб чиқмоқда.
Режага кўра, академия ёш боксчиларни тайёрлаш, мураббийлар мактабини ривожлантириш ҳамда етакчи хорижий мутахассислар билан тажриба алмашиш билан шуғулланади.
Эвандер Холифилднинг Қирғизистонга ташрифи доирасида собиқ жаҳон чемпиони ҳақида ҳужжатли фильмни суратга олиш ҳам режалаштирилган. Фильмнинг айрим саҳналари Иссиқкўл соҳилларида тасвирга олинади.
Халқаро профессионал бокс оқшоми 2026 йил 3 июль куни «Жаштик Арена»да бўлиб ўтади. Турнирда Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Россия, Таиланд ва Кубадан келган спортчилар иштирок этади. Томошабинларни саккизта профессионал жанг, жумладан, икки титулли баҳс кутмоқда.
Оқшомнинг асосий жангларидан бирида қирғизистонлик Иқтияр Нишанов россиялик боксчи Михаил Тархановга қарши рингга чиқади. Ғолибга Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши раиси махсус камари топширилади.
Иккинчи титулли жангда WBC Asian Boxing Council Continental ва WBA Asia чемпиони Акжол Сулайманбек уулу Таиланднинг WBA Asia чемпиони Пайом Кампига қарши баҳс олиб боради. Боксчилар Қирғизистон Профессионал бокс лигаси чемпионлик камари учун кураш олиб борадилар.
Холифилддан ташқари, бокс оқшомининг фахрий меҳмонлари орасида Олимпия чемпиони, WBA версияси бўйича собиқ жаҳон чемпиони россиялик Александр Поветкин, Олимпия чемпиони ўзбекистонлик Муҳаммадқодир Абдуллаев ҳамда Олимпия ўйинларининг бронза совриндори, WBA ва WBO халқаро камарлари соҳиби қозоғистонлик Қанат Ислом ҳам бўлади.
Эвандер Холифилд ХХ аср охиридаги жаҳон боксининг энг ёрқин намояндаларидан бири ҳисобланади. У биринчи оғир ва оғир вазн тоифаларида мутлақ жаҳон чемпиони бўлган, 1984 йил Лос-Анжелес Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган, шунингдек, оғир вазн тоифасида тўрт карра жаҳон чемпиони сифатида тарихга кирган.
Унинг фаолиятида Майк Тайсонга қарши жанглар алоҳида ўрин тутади. Бу баҳслар 1990-йиллардаги энг машҳур бокс тўқнашувларидан бири сифатида спорт тарихидан жой олган.
Сўнгги йилларда Қирғизистон боксда тобора ўзини яққолроқ намоён этмоқда. Замонавий бокснинг энг машҳур вакилларидан бири Дмитрий Бивол Тўқмоқ шаҳрида туғилган ва бокс билан айнан Қирғизистонда шуғуллана бошлаган. 2023 йилда Мунарбек Сейитбек уулу Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритиб, мустақил Қирғизистон тарихида мамлакатга ушбу мусобақадаги илк медални тақдим этди. Орадан бир йил ўтиб, у Париж Олимпия ўйинлари финалигача етиб борди ва кумуш медаль соҳиби бўлди.



