Тўқаев парламент палаталарининг сўнгги қўшма мажлисини ўтказди

kt.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 30 июнь куни Парламентнинг VIII чақириқ палаталарининг сўнгги қўшма мажлисида нутқ сўзлади, деб хабар берди Kazakhstan Today.

Мамлакатда 30 йилдан ортиқ фаолият юритган икки палатали парламент ўз ишини якунламоқда. 1 июлдан янги Конституция кучга киради ва қонунга мувофиқ мамлакатда бир палатали Қурултой тузилади — унга сайловлар август ойида ўтказилади.

«Биз давлатчилигимизнинг янги босқичига кирмоқдамиз, бу босқичнинг илдизлари асрлар қаърига бориб тақалади», — деди президент бугунги мажлисда.

Унинг сўзларига кўра, ўтган ўттиз йил давомида парламент томонидан тахминан 3,5 мингта қонун қабул қилинган бўлиб, уларнинг ҳар ўнтасидан бири депутатларнинг ўзи томонидан илгари сурилган.

«Уларнинг самарали меҳнати парламент тарихида ўчмас из қолдирди. Шубҳа йўқки, бу фидокорона фаолият халқ хотирасида абадий сақланиб қолади», — деди президент ва барча чақириқ депутатларига давлат хизмати учун миннатдорчилик билдирди.

Тўқаев шунингдек, ҳозирги парламент таркибининг ишини юқори баҳолаб, депутатлар Қозоғистон ривожланишининг энг мураккаб даврларидан бирида фаолият юритганини таъкидлади.

«Сизлар мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ўзгаришларнинг бошида турдингиз. Қанчалик қийин бўлмасин, сизлар туб ислоҳотларни амалга ошириш йўлида барқарорлик ва қатъият намоён этдингиз. Тақдирли паллада масъулиятдан четга чиқмадингиз ва давлатимиз учун ҳаётий зарур бўлган ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айландингиз», — деди у.

Давлат раҳбари шунингдек, халқаро вазиятнинг мураккаб эканлигига эътибор қаратди. У жаҳондаги беқарорлик глобал иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатаётганини, халқаро ташкилотлар прогнозлари эса яқин икки йил ичида ҳам хатарлар сақланиб қолишини кўрсатишини таъкидлади.

«Бироқ қўлни қовуштириб ўтириш ва саросимага тушиш керак эмас. Ҳукумат мамлакат барқарор ривожланишини таъминлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш учун жуда фаол ва тезкор ишлаши лозим», — деди Тўқаев.

Якунда президент ҳозирги чақириқ Қозоғистоннинг янги тарихидаги энг кучли чақириқлардан бири эканини таъкидлади.

«Қурултой олий қонун чиқарувчи орган сифатида барча йўналишларда ворисийликни, институционал барқарорликни, анъаналарни сақлашни ҳамда парламентнинг ўзига хос маданиятини шакллантиришни таъминлаши керак», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, янги парламентнинг асосий мақсади «барчага тенг имкониятлар яратадиган адолатли Қозоғистонни барпо этиш» бўлади.