Раҳмон ва Медведев «тўкилган қон учун қасос»га чақириқлар фонида Хаменеийнинг дафн маросимида иштирок этади

irna фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Эроннинг собиқ олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеий билан расмий видолашув маросимида иштирок этади. Бу ҳақда mojnews нашри Душанбедаги Эрон элчиси Ализо Ҳақиқиёнга таяниб хабар берди.

«Тожикистон президентининг ушбу маросимда иштирок этиши мамлакат раҳбарияти ҳалок бўлган Ислом инқилоби раҳбарининг мақоми ва шахсига юксак ҳурмат билан қарашини, шунингдек, икки давлат ўртасидаги яқин муносабатларни намоён этади», — дея Ҳақиқиённинг сўзларини келтиради нашр.

Эрон ташкилий қўмитаси дастлаб 30 дан ортиқ давлатнинг расмий вакиллари маросимга келишга тайёрлигини маълум қилган эди. Кейинчалик кутилаётган мамлакатлар сони тахминан 40 тага етказилди. Шунингдек, Эрон расмийлари 90 дан ортиқ давлатдан диний, сиёсий ва жамоат арбоблари ҳам иштирок этишини билдирмоқда. Хорижий делегацияларнинг тўлиқ рўйхати ҳозирча эълон қилинмаган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Эронга Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигида алоҳида делегация юборади. Россия номидан мотам маросимларида Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев иштирок этади. Россия делегацияси таркибига, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Рус православ черкови вакиллари, сунний муфтийлар ҳамда шиъа уламолари ҳам киради.

Покистон делегациясига Бош вазир Шаҳбоз Шариф бошчилик қилади. Хитой томонидан Бутунхитой халқ вакиллари йиғини Доимий қўмитаси раиси ўринбосари Хэ Вэй юборилади. Ҳиндистонни эса Ташқи ишлар бўйича давлат вазири Пабитра Маргерита ва Бихар штати губернатори Сайед Ата Ҳаснайн тақдим этади.

Айни пайтда Эрон раҳбарияти мамлакат аҳолисини хайрлашув маросимида оммавий иштирок этишга чақирмоқда. Парламент раиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф эронликлар «тўкилган қон учун қасос талаб қилаётган халқ овозини бутун дунёга етказиши» ва мамлакат «ўз имомининг қонини ҳеч қачон унутмаслиги»ни намоён этиши лозимлигини таъкидлади. Баёнотнинг асл матнида «хунҳақи» атамаси қўлланилган.

Ташкилий қўмита вакили Муҳаммад Ризо Миртожиддиний ҳам оятуллоҳнинг ҳалок бўлишида айбдорларни қон учун қасос асосида жавобгарликка тортиш ҳамда уларга нисбатан мамлакат ичида ва халқаро даражада суд таъқибини йўлга қўйишни мотам тадбирларининг асосий мақсадларидан бири сифатида қайд этади.

Оммавий хайрлашув маросими 4 июль куни Теҳрондаги «Мусалла» мажмуасида бошланади ва у ер сутка давомида очиқ бўлиб туриши режалаштирилган. Жаноза намози 5 июль куни ўқилади, 6 июль куни эса Теҳрон кўчаларида мотам юриши бўлиб ўтади. Шундан сўнг Хоманеийнинг жасади Қум шаҳрига олиб борилади ва у ердаги маросим 7 июль кунига белгиланган. 8 июль куни тадбирлар Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларида давом этади. Дафн маросими 9 июль куни Хоманеийнинг туғилган шаҳри Машҳаддаги Имом Ризо мақбарасида ўтказилади.

Али Хоманеий 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари оқибатида ҳалок бўлган. Дастлаб уни март ойида дафн этиш режалаштирилган эди, аммо жанговар ҳаракатлар давом этаётгани сабабли маросимлар кейинга қолдирилди. Хоманеий 1989 йилдан буён Эронга раҳбарлик қилиб келганди, унинг вориси этиб ўғли Мужтабо Хоманеий тайинланди.