Тожикистон тиббиёт муассасаларида 1100 нафар шифокор етишмаслиги кузатилмоқда. Энг катта кадрлар танқислиги Хатлон ва Суғд вилоятлари, шунингдек, республика бўйсунувидаги туманлар шифохоналарида қайд этилган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Саломуддин Юсуфий матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар берди «Азия-Плюс».
Мулозимнинг аниқлик киритишича, бошқа идоралар тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида 117 нафар, республика даражасидаги муассасаларда эса 78 нафар мутахассис етишмайди.
Тожикистон шифохоналари энг кўп оилавий шифокорлар, психиатрлар ва фтизиатрларга муҳтож.
Бугунги кунда мамлакат тиббиёт муассасаларида 22 763 нафар шифокор ва 65 496 нафар ўрта бўғин тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Расмий маълумотларга кўра, бу ўтган йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан мос равишда 2,7 ва 2,6 фоизга кўпдир. Шунингдек, ўрта бўғин тиббиёт ходимлари штатлари 100 фоиз тўлдирилгани таъкидланади.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, тиббиёт мутахассисларининг хорижга кетиш суръати ҳам пасайган. Агар 2025 йилда республикадан 51 нафар шифокор ва 266 нафар ўрта бўғин тиббиёт ходими чиқиб кетган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида хорижга 16 нафар шифокор ва ўрта тиббий маълумотга эга 148 нафар мутахассис йўл олган.
Юсуфий соғлиқни сақлаш соҳаси коррупция даражаси бўйича етакчи учликка киритилгани ҳақидаги ижтимоий тадқиқот натижаларига ҳам муносабат билдирди. Мансабдор тизимда бундай ҳолатлар мавжудлигини тан олди, бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги пора олиш ва беришга қарши кураш чораларини кўраётганини таъкидлади.
Масалан, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида коррупция билан боғлиқ 32 та ҳолат қайд этилган бўлиб, уларда 20 нафар тиббиёт ходими иштирок этгани аниқланган. Юсуфийнинг таъкидлашича, бу борада вазият яхшиланмоқда, чунки ўтган йилнинг шу даврида 27 нафар соғлиқни сақлаш тизими ходими иштирокида 37 та коррупция ҳолати қайд этилган эди.
Аввалроқ ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 16,7 фоизи тиббиёт муассасаларида пора бериш ёки талаб қилинишига дуч келганини билдирган. Бундай ҳолатлар, айниқса, туғруқхоналар, туман ва шаҳар шифохоналари ҳамда соғлиқни сақлаш марказларида кўпроқ учраган.
Айтиш жоизки, энг кўп коррупция кузатиладиган соҳалар сифатида таълим тизими ва Ички ишлар вазирлиги тузилмалари қайд этилган.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, шунингдек, қалбаки маҳсулотларни йўқ қилиш ишлари ҳақида ҳам маълумот берди. Жорий йилнинг биринчи олти ойида Тожикистонда 107,6 тонна тиббий маҳсулот, жумладан, гигиена воситалари ва биологик фаол қўшимчалар йўқ қилинган.
Хусусан, гап меъёрий талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотлар, яроқлилик муддати ўтган дори воситалари, шунингдек, мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган дорилар ҳақида бормоқда.
Юсуфий қўшимча қилишича, бу йўналишда ҳам ижобий ўзгариш кузатилмоқда, чунки йўқ қилинган тиббий маҳсулотлар ҳажми 2025 йил январь–июнь ойларидаги кўрсаткичларга нисбатан 22 тоннага камайган.



