Туркманистон полицияси чегараолди ҳудудларида яшовчи одамлардан Ўзбекистон мобил операторлари SIM-карталарини мусодара қилишни бошлади

Туркманистонда полиция Ўзбекистон мобил алоқа операторларининг SIM-карталаридан фойдаланаётган фуқароларни аниқлаш бўйича рейдларни бошлади. Текширувлар қўшни республика билан чегарадош Дашоғуз вилоятидаги 60 дан ортиқ аҳоли пунктида яшовчи фуқароларни қамраб олмоқда, деб хабар берди «Озодлик» радиосининг минтақавий хизмати — «Азатлык».

Маҳаллий аҳоли тасдиқлашича, фақат сўнгги бир неча кун ичида Диавар қишлоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўнта оиладан Ўзбекистон SIM-карталарини мусодара қилган.

Айрим ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари қатъий огоҳлантириш билан чекланмоқда. Айниқса, фуқаролар интернетдан фақат вақт ўтказиш учун фойдаланишларини айтса ёки полиция уларнинг жарима тўлаш имконияти йўқлигини аниқласа.

Бироқ, кўп ҳолатларда хорижий алоқа операторлари хизматларидан фойдалангани аниқланган шахсларга 50 минг манат миқдорида жарима (расмий курс бўйича 14,3 минг АҚШ доллари, «қора бозор» курси бўйича эса 2,5 минг доллардан ортиқ) ёки қамоқ жазоси таҳдид қилинади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бундай ҳаракатлар хорижий давлат фойдасига жосуслик сифатида баҳоланишини таъкидлайди.

Шу билан бирга, журналистлар суҳбатлашган кўплаб маҳаллий аҳоли вакиллари чегараолди ҳудудларида яшовчилар ҳақиқатдан ҳам қўшни мамлакат мобил операторлари тармоғига уланган мобил алоқа ва Wi-Fi роутерлардан фойдаланишни афзал кўришларини тан олганлар. Бунинг сабаби, Туркманистон операторлари ёки жуда заиф сигнал тақдим этади, ёки улар орқали интернетга умуман кириб бўлмайди.

Фойдаланувчилардан бирининг сўзларига кўра, Ўзбекистон мобил операторлари интернети тезлиги Туркманистон операторлариникидан 300 баробар юқори.

«Ҳукуматимиз фуқароларни сифатли алоқа билан таъминлай олмаяпти, фақат чеклаш ва блоклашни билади», — дейди чегараолди ҳудудида яшовчи яна бир суҳбатдош.

Шу боис Ўзбекистонга тез-тез бориб келадиган туркманистонликлар у ердан SIM-карталар ва роутерлар олиб келишмоқда. Тадбиркорликка мойил маҳаллий аҳоли эса қишлоқдошларига хорижий оператор тармоғига уланиш хизматини 200 манатга (расмий курс бўйича 57 АҚШ доллари, «қора бозор» курси бўйича эса 10 доллар) таклиф қилиб, ускуналарни рўйхатдан ўтказишда ёрдам бермоқда. Энг оммабоп тармоқлар «Ўзбектелеком» ва Ucell ҳисобланади.

Тахминлардан бирига кўра, полициянинг Ўзбекистон SIM-карталарига қарши рейдларига Дашоғуз вилоятининг Гўрўғли туманида юз берган шов-шувли воқеа ҳақида интернетда кенг тарқалган хабар сабаб бўлган. Июль ойи бошида маҳаллий аҳолидан бири олти нафар фарзандининг барчасини отиб ўлдиргани, сўнг эса ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Айтилишича, бу хабар қўшни давлат компаниялари тақдим этаётган мобил интернет орқали кенг оммага тарқалган.

Шу билан бирга, аниқлик киритилишича, ҳуқуқ-тартибот идораларида Ўзбекистон SIM-карталарини кузатиш имконини берадиган махсус ускуналар мавжуд эмас. Шунинг учун қоидабузарларни аниқлаш мақсадида улар ўз агентларидан фойдаланишади. Чегараолди ҳудудлари аҳолисининг таъкидлашича, ҳар бир аҳоли пункти ва ҳар бир мактабда шундай ахборот берувчилар бор. Агар бундай «ҳукумат ёрдамчилари» аниқланса, маҳаллий аҳоли полиция шубҳасига тушиб қолмаслик учун улар билан умуман мулоқот қилмасликка ҳаракат қилади.