Қирғизистон ИИВ Хитой элчихонасини хитойлик меҳнат мигрантлари билан ишлаш жараёнига жалб қилди

Меҳнат мигрантлари билан суҳбат. Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Бишкекдаги Хитой элчихонаси Марказий Осиё республикасида яшаётган Хитой фуқаролари ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни биргаликда ўтказишга келишиб олди. Бу ҳақда куч ишлатар идора матбуот хизмати хабар берди.

Қўшма ҳаракатлар режаси Ички ишлар вазири ўринбосари Октябрь Урмамбетовнинг Хитойнинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Лю Цзянпин билан учрашувида муҳокама қилинди. Учрашувда Хитойдан келган меҳнат мигрантларининг Қирғизистон қонунларига риоя қилиш зарурати ҳақидаги ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, шунингдек, уларда мезбон мамлакатнинг анъаналари, маданияти ва жамоат тартибига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Урмамбетов таъкидлашича, Қирғизистон жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Хитой билан ҳамкорликка катта аҳамият беради. Генерал қўшма ишлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ва икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Лю Цзянпин, ўз навбатида, дипломатик ваколатхона ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдириб, Қирғизистонда меҳнат қилаётган Хитой фуқаролари ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш муҳимлигини таъкидлади.

Марказий Осиё республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, ушбу идора, Хитой элчихонаси ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси вакиллари мамлакатга келган фуқаролар билан профилактик тадбирлар ўтказган. Уларга миграция қонунчилиги талаблари, мамлакатда бўлиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби, шунингдек, хорижий фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган.

Алоҳида эътибор мезбон мамлакат анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда ваколатли органларга ўз вақтида мурожаат қилиш зарурлигига қаратилди.

Шуни қўшимча қилиш лозим, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам хориждан ишчи кучини жалб қилиш масаласи ҳақида фикр билдирган эди. Жумладан, у Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини қуришда хорижий мутахассисларга эҳтиёж борлигини тан олган.

«Фақат ўз кучимизга таянсак, мутахассислар тайёрлаш учун ўнлаб йиллар керак бўлади, биз эса кутиш имконига эга эмасмиз. Қирғизистон орқали Хитойнинг бутун дунё билан боғлайдиган энг муҳим транспорт йўлаги ўтади», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Ўтган ҳафта Норин вилояти милицияси Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишида ишлаётган Хитой фуқаролари билан профилактик суҳбат ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур тадбир Хитойдан келган ишчилар иштирокида бир нечта можароли ҳолатлар юз берганидан сўнг ўтказилди. Ушбу воқеалар натижасида айрим хорижликлар ўз ватанига депортация қилинган.

Шу билан бирга, яқинда Марказий Осиё республикаси президенти маъмурияти вакили Дайирбек Ўрунбеков айрим мухолифат сиёсатчиларни ижтимоий тармоқларда ксенофобик қарашларни, хусусан, «Хитойга қарши кайфиятлар»ни тарқатишда айблади. Мулозим бундай нашрларни тўхтатишга чақириб, акс ҳолда жиноий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилишини маълум қилди.