Тожикистонда «экстремизм» моддаси бўйича судланган икки журналист озодликка чиқди

Завқибек Саидамин (чапда) ва Абдусаттор Пирмухаммадзода. asiaplus.news сайти фотосурати

Тожикистонда икки нафар тожик журналисти — 49 ёшли Абдусаттор Пирмуҳаммадзода ва 43 ёшли Завқибек Саидаминлар озодликка чиқарилди. Бу ҳақда «Азия-плюс» нашри хабар берди.

Улар тўрт йилдан ортиқ вақт давомида қамоқда ўтирган. Жорий йил июнь ойида Тожикистон президенти томонидан мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия доирасига тушган. Журналистлар 18 июль куни эрталаб озодликка чиқишган.

Завқибек Саидамин Душанбе шаҳридаги «Биринчи Совет» номи билан танилган жазони ижро этиш муассасасида сақланган. Абдусаттор Пирмуҳаммадзода эса деярли уч йил Хўжанддаги колонияда бўлган, кейин эса «бир воқеадан сўнг» Душанбе шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига ўтказилган.

Иккаласи ҳам Тожикистон Давлат телерадиокомпаниясининг собиқ ходимлари бўлган. Улар ҳибсга олинишидан бир неча йил олдин YouTube видеоплатформасида каналлар юритган. Завқибек Саидаминнинг жами қарийб 15 минг нафар, Абдусаттор Пирмуҳаммадзоданинг эса тахминан 40 минг нафар обуначиси бўлган. Улар видеороликларида долзарб ижтимоий мавзуларни кўтаришган.

Жумладан, Саидамин Қирғизистон билан чегара можаролари ва ҳарбий хизматга бориши зарур бўлган шахсларга нисбатан қўлланилаётган ноқонуний усуллар каби муаммолар ҳақида сўз юритган. Пирмуҳаммадзода эса сўз эркинлиги ва мамлакат ҳукумати томонидан содир этилган адолатсиз ҳаракатлар ҳақида фикр билдирган.

Журналистлар 2022 йил 8 ва 9 июль кунлари Ваҳдат шаҳрида тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш гумони билан ҳибсга олинган. Улар ўзларига қўйилган айбловларни рад этган. Шунга қарамай, улар Жиноят кодексининг 307-моддаси («Экстремистик ҳамжамият тузиш») бўйича айбдор деб топилиб, етти йилга озодликдан маҳрум қилинган. Саидаминга нисбатан ҳукм 2022 йил ноябрь ойида, Пирмуҳаммадзодага нисбатан эса декабрь ойида чиқарилган.

«Азия-плюс» маълумотларига кўра, озодликка чиққан журналистларнинг соғлиғи даволанишни талаб қилади. Саидамин журналистикага қайтишни режалаштирмоқда, Пирмуҳаммадзода эса бу масалада фикр билдирмаган.