2026 йилнинг биринчи ярмида Қозоғистонда конституциявий ислоҳотлар фонида фуқаролик жамияти учун макон янада қисқарди. Бу ҳақда Халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича шериклик (IPHR) ҳамда Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя этиш халқаро бюроси томонидан халқаро CIVICUS тармоғи учун тайёрланган ҳисоботда сўз боради.
Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, Конституцияга киритилган ўзгартишлар жадал тартибда қабул қилинган, етарли даражада жамоатчилик муҳокамасисиз ва фуқаролик жамиятининг тўлақонли иштирокисиз амалга оширилган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари маълумотларига кўра, ислоҳотларни танқид қилган шахслар босимга дуч келган. Бу босимлар орасида ушлаб туриш, сўроқ қилиш, маъмурий жазолар қўллаш ва жиноий таъқиблар ҳам бўлган. Мисол сифатида Конституция бўйича референдумни «оқилона бойкот қилиш»га чақиргани учун тўрт йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган адвокат Оразали Ержанов, мухолифат фаоли Ермек Наримбай ва блогер Эльмар Уахитга оид ишлар келтирилган.
Ҳисоботда, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва журналистларга босим кучайгани ҳам қайд этилган. Муаллифлар конституциявий ислоҳотлар бўйича кампания даврида мустақил нашрларга қарши киберҳужумлар уюштирилганини, президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг қариндошлари ҳақидаги суриштирув эълон қилинганидан сўнг «Озодлик радиоси» веб-сайти вақтинча ишламаганини, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақидаги шикоятлардан кейин ижтимоий тармоқлардаги контент ва аккаунтларни блоклаш ҳолатлари кўпайганини тилга олган.
Ҳисоботда «ёлғон ахборот тарқатиш» ҳақидаги жиноят моддаси асосида журналистлар ва блогерларга қарши қўзғатилган жиноят ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унда Orda.kz бош муҳаррири Гулнара Бажкенова, «КазТАГ» бош муҳаррири Амир Касенов, агентлик директори Асет Матаев, журналист Ботагоз Омарова, жамоат фаоли Айжан Мамешова ҳамда адвокат-блогер Адилетхан Молдахан тилга олинган.
Ҳужжат муаллифлари, шунингдек, фаолларга нисбатан «адоват қўзғатиш» ҳақидаги жиноят моддаси қўлланилаётганидан хавотир билдиришган. Хусусан, «Атажурт» ҳаракати иштирокчиларига чиқарилган ҳукмлар, фаол Гулназ Серикбаева устидан суд жараёни, ҳаракат асосчиси Серикжан Билашнинг қариндошларига нисбатан жиноий таъқиб, шунингдек, рўйхатдан ўтмаган «Алға, Қазақстан!» партияси етакчиси Марат Жиланбаев ва унинг тарафдорларига оид ишлар тилга олинган.
Ҳисоботда қайд этилишича, мухолифат партиялари ҳанузгача давлат рўйхатидан ўта олмаяпти. Шу сабабли улар 2026 йил 23 августга белгиланган янги бир палатали парламент сайловларида иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жорий йил март ойида кучга кирган «ЛГБТ тарғиботи» деб аталувчи фаолиятни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни танқид қилди. Уларнинг фикрича, мазкур қонун сўз эркинлигини ва ЛГБТ ташкилотлари фаолиятини янада чеклаган.
Муаллифлар хорижий молиялаштириш оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари устидан назорат кучайтирилганини ҳам таъкидлаган. Уларга кўра, янги Конституция хорижий молия манбаларини очиқ эълон қилишни талаб қилади, йил бошида қабул қилинган янги қоидалар эса бундай ташкилотларни текшириш бўйича солиқ органларининг ваколатларини кенгайтирган.
IPHR ва Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя этиш халқаро бюроси баҳолашича, Қозоғистон ҳокимияти тинч йиғилишларни ўтказишга нисбатан чекловчи ёндашувни сақлаб қолган. Ҳисоботда айтилишича, митинглар ўтказиш учун рухсат олиш ҳамон қийинлигича қолмоқда, рухсат этилмаган акциялар ва якка тартибдаги оммавий чиқишлар иштирокчилари эса мунтазам равишда таъқибга учрамоқда.
Ҳисоботнинг алоҳида бўлими трансмиллий репрессияларга бағишланган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Киевда қозоғистонлик журналист Айдос Содиқов ўлдирилганига икки йил бўлганига қарамай, айбдорлар ҳалигача жавобгарликка тортилмаганини эслатган. Шунингдек, уларнинг таъкидлашича, унинг рафиқаси Наталья Содиқова ҳамон босим ва суд таъқибига дуч келмоқда.
Умуман олганда, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар 2026 йилнинг биринчи ярмида Қозоғистонда фикр билдириш эркинлиги, мустақил оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ва сиёсий мухолифат фаолияти билан боғлиқ вазият янада ёмонлашган, деган хулосага келган.
ℹ️ Ушбу ҳисобот CIVICUS Monitor — дунёнинг 196 та мамлакатида фуқаролик жамияти ва фуқаролик эркинликлари ҳолатини кузатиб борувчи халқаро тадқиқот лойиҳаси учун тайёрланган. Мониторингнинг сўнгги баҳолашига кўра, Қозоғистон фуқаролик макони «репрессив» (Repressed) деб баҳоланадиган давлатлар тоифасига киради. CIVICUS баҳосига кўра, ушбу тоифага ҳукуматлари сўз эркинлиги, тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи ва фуқаролик жамияти фаолиятини сезиларли даражада чеклайдиган мамлакатлар киритилади.



