Қозоғистонда хитойликлар иштирокида ноқонуний олтин қазиб олишга оид яна битта ҳолатга чек қўйилди

pixabay.com сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Шарқий Қозоғистон вилоятида таркибига Хитой фуқаролари ҳам кирган ноқонуний олтин қазиб олувчилар гуруҳи фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги (ММА) матбуот хизмати хабар қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, ноқонуний олтин қазиб олиш ишлари Марқакўл туманида, Оқбулоқ қишлоғи яқинида амалга оширилган. Кон керакли рухсатнома ҳужжатларисиз тахминан 30 гектар майдонда оғир техника ва саноат мажмуалари ёрдамида ўзлаштирилган.

Ноқонуний фаолият оқибатида атроф-муҳитга катта зарар етказилган. Хусусан, унумдор тупроқ қатлами йўқ қилинган, ҳудуднинг табиий рельефи бузилган ҳамда дарё ўзани ўзгартирилган.

«Ноқонуний фаолиятга 30 нафардан ортиқ шахс, жумладан Хитой Халқ Республикаси фуқаролари ҳам жалб этилган», — дейилади Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги хабарида.

Тинтувлар чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 40 тонна юк кўтариш қувватига эга олтита самосвал, тўртта занжирли экскаватор, битта фронтал юклагич, шунингдек, олтин сақловчи маъданни қазиб олиш ва ювишга мўлжалланган иккита саноат мажмуасини мусодара қилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бу Шарқий Қозоғистон вилоятида ноқонуний олтин қазиб олишга қарши кўрилган биринчи чора эмас. 23 июль куни Ўскаман шаҳри суди Улан туманида ноқонуний олтин қазиб олишда айбланган маҳаллий аҳоли ва Хитой фуқароларидан иборат гуруҳга нисбатан ҳукм чиқарганди.

Шарқий Қозоғистон вилояти прокуратураси маълумотига кўра, маҳкумлар 2024–2025 йилларда ҳеч қандай рухсатномасиз Катта Шибинди ва Кичик Шибинди дарёлари водийларида тахминан 15 килограмм олтин қазиб олган. Давлатга етказилган зарар 766 миллион тенгеден (1,6 миллион АҚШ доллари) ошган.

Суд айбланувчиларни айниқса йирик миқдорда қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олганликда айбдор деб топиб, уларга турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Прокуратура маҳкумлар сони ва жазо муддатларини очиқламаган. Уларга нисбатан қўлланилган Қозоғистон Жиноят кодексининг 295-1-моддасига кўра, энг кўп жазо етти йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Бундан ташқари, тахминан бир ой аввал полиция Шарқий Қозоғистон вилоятида қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланган йирик жиноий схемани фош этганини маълум қилган эди. Тергов маълумотларига кўра, яширин ишлаб чиқариш қонуний масъулияти чекланган жамият фаолияти ниқоби остида юритилган. Ўшанда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 63 нафар шахсни, жумладан гумон қилинган ташкилотчилар ва 13 нафар хорижий фуқарони қўлга олганди.