Қозоғистонда «треш-блогерлар» тўғридан-тўғри эфирларда ҳақорат ва жанжаллар қилгани учун жазоланди

Видеодан скриншот

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда, асосан TikTok платформасида эълон қилинган қонунга хилоф контент учун тўққиз нафар блогер ва стримерни маъмурий жавобгарликка тортди, деб хабар беради Polisia.kz. Идора маълумотларига кўра, контент муаллифлари кўришлар, лайклар ва донатлар олиш мақсадида ҳақоратли сўзлар ишлатиш, хавфли пранклар ва жанжалларни намойиш этиш орқали жамоат тартибини бузган.

Энг қаттиқ жазони Шимкент шаҳрида яшовчи 20 ёшли Данияр Сейдалиев олган. ИИВ маълум қилишича, у тўғридан-тўғри эфир вақтида электрошокер қўлланган ҳолда одам ўғирлашни саҳналаштирган. Эфир давомида ҳақоратли сўзлар ишлатилган ва жамоат тартиби қўпол равишда бузилган. Суд унга 8 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.

Олмаотада TikTok’да «Ақтөре» никнейми билан танилган 32 ёшли блогер Ақтөре Батирбек 5 суткага маъмурий қамоққа олинган. ИИВ маълумотларига кўра, у стримлар вақтида атрофидаги одамларни ҳақорат қилган ва куракда турмайдиган сўзлардан фойдаланган.

Остонада «Бауырсақ» тахаллуси билан танилган 37 ёшли блогер Индира Ештаева маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳақоратли сўзлар ишлатгани ва жамоат ахлоқи меъёрларини бузувчи контент тарқатгани учун суд унга майда безорилик моддаси бўйича жарима тайинлади.

Жамбил вилоятилик Лайло Қосимова ҳам жаримага тортилган. У «Алтын қыз» номи остида эфирлар олиб борган. Полиция маълумотларига кўра, у тўғридан-тўғри эфирлар вақтида бир неча бор ҳақоратли сўзлар ишлатган ва қонунга хилоф контент тарқатган.

Яна бир ҳолат Жамбил вилоятида қайд этилган. 19 ёшли Жарқинай Байбек ва Асилжан Танаберганов стримлар вақтида томошабинларни жалб қилиш ва донатлар миқдорини ошириш мақсадида атайлаб бир-бирини урган. Улар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган.

ИИВ маълумотларига кўра, жами мамлакатнинг турли ҳудудларидан бўлган тўққиз нафар контент муаллифи жазога тортилган.

ИИВ расмий вакили Шингис Алекешев бундай контентларни болалар ва ўсмирлар мунтазам томоша қилиши алоҳида хавотир уйғотаётганини таъкидлайди. Шунингдек, у интернетдаги анонимлик жавобгарликдан озод қилмаслигини айтган.

«Аноним аккаунт ёки телефон экрани ортида яшириниб қолиш мумкин, деб ўйламаслик керак. Ички ишлар вазирлигида ҳар қандай қоидабузарнинг шахсини аниқлаш учун барча зарур воситалар мавжуд. Ҳар бир бундай ҳолат аниқланади. Келгусида ҳам биз қоидабузарларнинг исмларини очиқлаймиз ва буни фақат профилактика мақсадларида амалга оширамиз», — деди ИИВ вакили.